Шавкат Мирзиёев 29 январь куни уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу йўналишлар бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов комплексига киради.

«Очиқ айтиш керакки, одамларимиз норози бўлиб энг кўп мурожаат қиладиган соҳа нима деса, бу Раматовнинг комплекси. 2023 йилда 380 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган», — деди президент (иқтибос Ўзбекистон 24 телеканалидан олинди).

Унинг айтишича, Ачилбай Раматов комплексига 3 та вазирлик ва идоралар, 3 та инспекция, 5 та корхона, 11 та раҳбар, 41 та ўринбосар, 12 мингта бошқарув ходими, шунингдек, ҳудудлар ҳокимларининг 224 та қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, пойтахт ва вилоят ҳокимлариниг қурилиш ва коммунал хўжалигига масъул ўринбосарлари киради.

Бундан ташқари, ҳар бир вазирлик таркибида 1000 дан ортиқ ходим ишлайдиган ва йирик давлат корхоналарининг хўжалик фаолияти учун масъул бўлган алоҳида тузилмалар мавжуд.

«Шунча ходим бор, лекин қани натижа, деган савол, албатта, мени қийнайди, сизларни ҳам қийнаши керак», — деди давлат раҳбари.

ачилбай раматов, давронжон адилов, илҳом маҳкамов, шавкат мирзиёев, шерзод хидоятов

Шавкат Мирзиёев қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хидоятов ва вазир ўринбосари Давронжон Одиловнинг қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий этиш борасидаги «катта ваъдалари»ни эслатди. Илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда 105 та эскирган (66 фоиз) қурилиш нормаларини янгилаш бўйича топшириқ берди.

Қурилишдаги мавжуд шароит лойиҳачиларни «соя»да ишлашга, объектлар нархини кўтаришга мажбур қилмоқда, коррупция эса лойиҳалаштириш, тендерлар ўтказиш, объектларни қуриш ва қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларга тарқалди, деди президент. Эндиликда «ресурс» усули ўрнига «ҳажм» усули жорий этилади.

Давлат раҳбари кўчаларнинг бир хил кўринишига риоя этилишини назорат қилувчи тизим мавжуд эмаслиги, шунингдек, уйлар атрофида автотураргоҳлар ўрнатиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини таъкидлади. Ноқонуний биноларни тартибга солиш бўйича комиссия тузиш, шунингдек, 470 та шаҳар ва аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.

«Ичимлик суви таннархи ва тармоқларда йўқотишларни камайтириш бўйича олдинга силжиш бўлмаяпти, соҳа ҳалигача бирорта хусусий сектор учун ёпиқ», — деди президент.

Аҳолини ичимлик суви билан қамраб олишни кенгайтириш юзасидан тизим раҳбарларига қатор вазифалар юклатилди. Тажриба тариқасида 5 та шаҳар — Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида сув таъминоти соҳасига хусусий шериклар жалб қилинади.

Вилоят ҳокимларига жорий йилда эски насосларни янгилашни бошлаш, камида 1000 та насосни тежамкор насосларга алмаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва унинг ўринбосари Жасурбек Чориевга мурожаат қилиб, йил давомида Ўзбекистонга 28 та самолёт олиб келингани, бироқ уларнинг сони ички рейслардаги талабдан 3−4 баробар камлигини айтди.

ачилбай раматов, давронжон адилов, илҳом маҳкамов, шавкат мирзиёев, шерзод хидоятов

Тошкентга 1000 га яқин автобус келтирилди, лекин тирбандлик масаласи ҳалигача ҳал этилмаган, деди президент. У транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров (жамоат транспорти учун масъул), ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари — Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раиси Анвар Жўраевга танбеҳ ва якуний огоҳлантириш берди.

«Автобуслар билан 100 га яқин „авария“ содир бўлганига ким жавоб беради?» — деб сўради давлат раҳбари.

«Жамоат транспорти қамрови бор-йўғи 25 фоиз экани — тизимга берилган баҳо», — деди у.

Президент мамлакат ҳудудларига етказиб берилиши белгиланган автобуслар ҳалигача етиб келмаганини танқид қилди. Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида брутто шартномаларга ўтиш бўйича ишлар якунига етмаган.