Ўзбекистонда жамоат транспорти ҳали аҳолига сифатли хизмат кўрсатадиган тизимга айлангани йўқ. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Жамоат транспорти қамрови бор-йўғи 25 фоиз экани — тизимга берилган баҳо», — деди давлат раҳбари.

Мамлакат ҳудудларига етказиб берилиши белгиланган автобуслар ҳалигача етиб келмагани танқид қилинди. Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида брутто шартномаларга ўтиш бўйича ишлар якунига етмаган.

Илҳом Маҳкамов.Илҳом Маҳкамов.

Шавкат Мирзиёев транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва вилоятлар ҳокимларига бу ишларни якунлаш бўйича топшириқ берди. Янги тизим 1 мартгача 5 та вилоят марказида, 1 июнгача эса 8 та шаҳарда ишга тушиши керак.

Президент жорий йилда ҳудудлар учун 1200 та автобус ва электробус харид қилиш вазифасини қўйди.

Шунингдек, у коронавирус пандемияси даврида темир йўл транспорти 2 баробарга қисқарганини таъкидлади. Оқибатда одамлар қишда ҳам автомобиль ва автобусларда хорижга чиқишга мажбур бўлмоқда ва бахисиз ҳодисалар тез-тез учраб турибди.

Транспорт вазирлиги тизимидаги тегишли корхонада халқаро қатновлар учун 167 та автобус бўлгани билан, корхона хусусий сектор ва қўшни давлатлар ташувчилари билан рақобат қила олмайди, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология ҳукумат комплекси раҳбариятига (раҳбари Ачилбай Раматов) хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш, темирйўл транспорти кўрсаткичларини пандемиягача бўлган даражага қайтариш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, у халқаро автобус қатновига хусусий компаниялар жалб этилиши ва бу борада рақобат зарурлигини таъкидлади.

Президент мазкур йиғилишда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ ЙҲХБ бошлиғи Олим Саидов ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилиб, охирги огоҳлантириш берганини хабар қилгандик.