Тошкентнинг чекка ҳудудларини метро бекатлари билан боғлаш учун тўртта экспресс автобус йўналишини йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда. Бу Ўзбекистоннинг 2024 йилги Давлат дастури тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Йўналишлар Назарбек ҳудудидан «Чорсу» ва «Пахтакор» метро бекатигача, «Уч Қаҳрамон» ҳудудидан Юнусобод деҳқон бозори ва «Шаҳристон» метро бекатигача ташкил қилиниши мумкин.

Аввалроқ Транспорт вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси директори Мурод Абидов 2024 йилда Тошкент шаҳрига кираверишда 12 та экспресс йўналиш очиш режалаштирилгани, улар тўғри йўналиш бўйлаб ҳаракатланиши ва камида иккита метро линиясини кесиб ўтиши кераклигини таъкидлаган эди.

«Шу тариқа ташқаридан кираётган одамларни тўғридан-тўғри жамоат транспорти тизимига боғлаймиз», — деганди у.

Давлат дастури лойиҳасида, шунингдек, «автобуслар ҳаракати устуворлигини ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» узунлиги 29 километр бўлган 8 та асосий транспорт коридорларини (83 та чорраҳа ва 41 та пиёдалар ўтиш жойи) реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Аввалроқ шаҳар ҳокимлигида Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. «Газета.uz» лойиҳанинг батафсил таҳлилини эълон қилган.

Мурод Абидов 2023 йилда Тошкент шаҳрида автобуслар учун 44,8 километр узунликдаги ажратилган линиялар ташкил этилганини таъкидлаганди.

«Ўзи бизда энг катта „нагрузка“ билан ишлаётган йўлларимиз 125 километр-да, 13 та коридоримиз бор. [Бу] қайсидир жойларда оғриқли, қайсидир жойларда маблағ талаб қиладиган жараён. Шунинг учун бу йил давомида қолган қисмида албатта жамоат транспорти устуворлигини таъминлайдиган ечимларни қиламиз», — деганди у.

Мурод Абидовнинг таъкидлашича, кейинги босқичда кўчалар ўртасида автобуслар учун алоҳида линиялар ташкил этиш режалаштирилган.

«Уларнинг четдан юрадиган автобуслардан катта фарқи бор. Чунки уларда кесишмалар минимал даражага келтирилади. Йўлни кесиб ўтадиган, автобус ҳаракатига халақит берадиган кесишма деярли бўлмайди, чорраҳадан ташқари», — деди у.

Давлат дастури лойиҳасида метрополитен учун 11 та янги поезд (44 та вагон) харид қилиш ҳам режалаштирилган.

Февраль ойига қадар пойтахт транспорт соҳасида қуйидаги тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган:

  • «ақлли бошқарув» тизимини жорий этиш;
  • транспорт оқимини таҳлил қилган ҳолда айрим кўчаларда бир томонлама ҳаракатни ташкил этиш;
  • олий таълим муассасаларида ўқиш вақтини мақбуллаштириш ҳисобига тиғиз вақтларда транспортга бўлган юкламани камайтириш;
  • оғир вазнли юк автомобилларининг ҳаракатланишини чеклаш ёки тартибга солиш;
  • транспорт оқими юқори бўлган чорраҳаларда светофорлар фазаларини қайта кўриб чиқиш;
  • 255 та чорраҳа ва кесишмаларни «ақлли светофорлар» тизимига ўтказиш;
  • камида 10 та кўчада пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш;
  • шаҳарга кирувчи асосий автомобиль йўлларида вазн ва габарит назорати бўйича стационар шохобчаларни ташкил этиш.