4 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани суди пойтахтда пиёдани уриб юборган Captiva автомашинаси ҳайдовчиси Ж.М.га (суд қарорида исми ва ёши яширилган) нисбатан ҳукм чиқарди.

«Газета.uz» ўрганиб чиққан суд қарорига кўра, 6 сентябрь куни соат тахминан 14:15 да Captiva 80−90 км/соат тезликда ҳаракатланиб келаётганида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдани (1956 йилда туғилган) уриб юборган. Пиёда олган жароҳатлари (бош, кўкрак, қорин, қўл ва оёқ қўшма тўмтоқ жарохатлари натижасида бош чап чакка суягини синиб, асосига ўтиши оқибатида бош мия пардалари остига ва тўқимасига қон қўйилиши) оқибатида шифохонада вафот этган.

Суд мажлисида ҳайдовчи воқеа пайтида отасининг машинасида Кичик ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракатланиб, Истироҳат кўчасидан Зангиота кўчаси томон кетаётганини айтган. У 28-уй яқинида пиёдалар ўтиш йўлагига етмасдан бир нечта автоуловлар тўсатдан секинлашиб тўхтаганини кўрган. Сўнгра машиналар пиёдаларни ўтказиб юборган, деб ўйлаб ҳаракатини тўхтатмаган. Бироқ пиёдалар ўтиш жойига етганда тўхтаб турган машиналарнинг олдидан бир кекса одам югуриб ўтиб қолган ва уни уриб юборган.

Айбланувчининг айтишича, пиёдага биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тез ёрдамга хабар берган. Ўша ерда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимлари келиб пиёдани юрак уришини текшириб кўрган ва оламдан ўтганини айтган. Кейинроқ тез ёрдам машинаси жабрланувчини олиб кетган.

Ж.М. судда айбига иқрор бўлиб, чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Марҳумнинг дафн маросими билан боғлиқ харажатларни ўзи қоплаганини айтиб, суддан жазони енгиллаштиришни ва икки нафар фарзандли оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олишни сўради.

Марҳумнинг қизи айбланувчидан моддий ёрдам кўрсатилганини тасдиқлади ва унга қарши ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтди. У суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Судя Хусан Ҳамидов ҳайдовчига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Тайинланган жазо манзил колонияларда ўталиши белгиланди. Судланувчи, шунингдек, 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Иш материалларида қайд этилишича, 2017 йилда ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш томонларнинг ярашуви доирасида тугатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида 8693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8055 киши жароҳатланган. Сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида жами 665 нафар киши ЙТҲ сабаб вафот этган. Сенат қўмитаси ЙТҲларга асосан фуқаролар сабабчи эканини маълум қилган.