Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларининг овқатдан заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.

Қайд этилишича, мактабга аутсорсинг хизмати кўрсатган Azizbek omad uchquni хусусий корхонаси томонидан истеъмолга яроқсиз маҳсулотлардан сифатсиз озиқ-овқат тайёрланган. Оқибатда интернат ётоқхонасидаги 33 нафар ўқувчи 18 январь куни ўткир гастрит аломатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳодиса тезкор-тергов гуруҳи томонидан ўрганилиши натижасида мактаб ошхонасидан олинган айрим маҳсулотлар санитария меъёрлари қоидалари ва гигиена нормалари талабларига жавоб бермаслиги, шунингдек, ошхона жиҳозларидан фойдаланиш тартиб қоидаларига риоя қилинмагани, бу эса болалар ўртасида юқумли ошқозон ичак касалликлари билан касалланишига олиб келгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан 26 январь куни Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги аввалроқ барча ўқувчиларнинг соғлиги яхшилиги, дарс жараёнларида фаол иштирок этаётганини билдирганди.