29 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда бир қанча раҳбарларга ҳайфсан берилди, деб ёзмоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда ушбу тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари борлиги, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқ энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири экани қайд этилди.

Давлат раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини қайд этди.

Шу муносабат билан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Анвар Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

Президент 18 январь куни ҳам транспорт вазирига огоҳлантириш берганди. Ўшанда вазир юк ташиш учун қўшимча йиғимлар, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаблиги ва бошқа масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун огоҳлантирилган.