Кўп миқдордаги пул маблағларни фирибгарлик билан ўзлаштиришда айбланиб Туркияда қўлга олинган аёл Ўзбекистонга депортация қилинди, дея хабар бермоқда Истанбулдаги бош консулхона матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 66 ёшли Рита Халилова ИИВ томонидан 2016 йилдан буён қидирувда бўлган. У 13 январь куни Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Истанбул шаҳрида қўлга олинган.

Аёл 28 январь куни консулхона дипломатлари иштирокида Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган.

Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Истанбул шаҳридаги бош консулхонага ёки Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг халқаро қидирувга берилган 8 нафар фуқароси, жумладан, «Мадам Клод» номи билан танилган Нилуфар Мирханова Туркияда ушланганди. Шунингдек, Истанбулда 2017 ва 2018 йиллардан буён одам савдосида айбланиб қидирувда бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганди.