2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 36 799 800 кишини ташкил этди, шундан эркаклар сони 18 525 000 кишини, аёллар сони 18 274 800 кишини, шаҳар аҳолиси сони 18 768 500 кишини, қишлоқ аҳолиси сони 18 031 300 кишини ташкил этди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги хабар қилди.

демография, доимий аҳоли сони, миграция, никоҳ, никоҳдан ажрашиш, статистика, туғилиш статистикаси, ўлим статистикаси

Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони эса 20 710 900 нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан (20 505 300) 205 600 га кўп.

Ҳудудлар бўйича доимий аҳолиси сони энг кўп Самарқанд вилоятида 4 208 500 киши, Фарғона вилоятида 4 061 500 киши, Қашқадарё вилоятида 3 560 600 киши, энг кам аҳоли сони Сирдарё вилоятида 914 минг киши, Навоий вилоятида 1 075 300 киши ва Жиззах вилоятида 1 507 400 кишини ташкил этган. Шундай қилиб Ўзбекистонда аҳоли сони 4 миллиондан ошган вилоятлар сони иккитага етди.

Ўзбекистонда 2024 йил 1 январь ҳолатига 1 квадрат километрга ўртача 82 киши тўғри келган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,8 кишига ортган (2023 йил 1 январь ҳолатига 1 квадрат километрга 80,2 киши). Ҳудудлар бўйича қарайдиган бўлсак, аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 6787,5 киши, Андижон вилоятида 789,4 киши, Фарғона вилоятида 600,8 кишини ташкил этган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти 9,7 киши, Қорақалпоғистон Республикасида 12 кишини ташкил этган.

демография, доимий аҳоли сони, миграция, никоҳ, никоҳдан ажрашиш, статистика, туғилиш статистикаси, ўлим статистикаси

Туғилиш ва ўлим статистикаси

2023 йил январь декабрь ойларида тирик туғилганлар сони 962 минг кишини ташкил этди, шундан ўғил болалар сони 498,3 минг кишини, қиз болалар сони 463,7 минг киши, тирик туғилганлар сони шаҳар жойларида 480,2 минг кишини, қишлоқ жойларида 481,8 минг кишини ташкил этди.

Тирик туғилиш-нафас, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёр қисқаришларидан бири мавжуд бўлса ҳам бола тирик туғилган ҳисобланади. Бунда онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, боланинг бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиши лозим.

2023 йил январь декабрь ойларида туғилган чақалоқлар отасининг ёши бўйича 12,8 фоиз чақалоқлар отасининг ёши 25 ёшгача, 80,3 фоизининг отаси 25−39 ёшларга ҳамда 6,9 фоиз чақалоқларнинг отаси 40 ёш ва ундан катта ёшдагилар ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, туғилган чақалоқлар онасининг ёши бўйича 38,1 фоиз чақалоқлар онасининг ёши 25 ёшгача, 60,8 фоизининг онаси 25−39 ёшларга ҳамда 1,1 фоиз чақалоқларнинг онаси 40 ёш ва ундан катта ёшдагилардан иборат бўлди.

2023 йилда вафот этганлар сони 172,8 минг кишини ташкил этди, шундан эркаклар сони 95 минг кишини, аёллар сони 77,8 минг киши, вафот этганлар сони шаҳар жойларида 93,6 минг кишини, қишлоқ жойларида 79,2 минг кишини ташкил этди.

2023 йилнинг январь декабрь ойларида қайд этилган ўлим ҳолатининг 61,1 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 10,8 фоизи ўсимталардан, 5,5 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,8 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,1 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 1,3 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан, 12,4 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.

Қайд этилган никоҳлар ва ажралишлар

демография, доимий аҳоли сони, миграция, никоҳ, никоҳдан ажрашиш, статистика, туғилиш статистикаси, ўлим статистикаси

2023 йил январь декабрь ойларида қайд этилган никоҳлар сони 283,8 мингтани ташкил этди, шундан шаҳар жойларида 139,7 мингтани (49,2 фоиз), қишлоқ жойларида 144,1 мингтани (50,8 фоиз) ташкил этган. Қайд этилган никоҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,9 бирликка камайган. 2020 йилнинг мос даври билан таққосланганда 13 минг бирликка камайган.

Қайд этилган никоҳларда аёлларнинг ўртача ёши 22,2 ёшни, эркакларнинг ўртача ёши эса 27 ёшни ташкил этган. Қайд этилган никоҳларнинг энг катта улуши 25 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келган, яъни жами никоҳларнинг 81,3 фоизини ташкил этган.

2023 йилда қайд этилган никоҳдан ажралишлар сони 49,2 минг бирликни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 21 мингтага ёки 1,7 баробарга кўпайгани кузатилди.

2023 йилда никоҳдан ажралишларнинг сони 49,2 мингтани ташкил этди, шундан шаҳар жойларида 29,9 мингтани, (60,7 фоиз), қишлоқ жойларида 19,3 мингтани (39,3 фоиз) ташкил этди.

2023 йилда фарзандсиз никоҳдан ажралишлар сони 24 576 тани (умумий ажрашганларнинг 50 фоизи) ташкил этган. 2023 йил январь декабрь ойларида 1 нафар фарзанд билан никоҳдан ажралишлар сони 13 610 тани (27,7 фоиз) ташкил этган. 2023 йил январь декабрь ойларида 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан никоҳдан ажралишлар сони 11 012 тани (22,3 фоиз) ташкил этган.

Никоҳдан ажрашганларнинг ўртача ёши 2023 йилда эркаклар учун 37,2 ёшни, аёллар учун 32,8 ёшни ташкил этган. Никоҳдан ажрашганларнинг энг катта улуши 35 ёшгача бўлган ажралаётган аёлларга тўғри келган, яъни жами никоҳдан ажрашганларнинг 62,5 фоизини ташкил этган.

Миграция

2023 йилда Ўзбекистон Республикасига хорижий мамлакатлардан кўчиб келганлар сони 2955 кишини ташкил этиб, шундан эркаклар сони 1473 кишини, (49,8 фоиз) аёллар сони эса 1482 кишини (50,2 фоиз) ташкил этди.

2023 йил январь декабрь ойларида Ўзбекистон Республикасидан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони 17 336 кишини ташкил этиб, шундан эркаклар сони 8270 кишини, (47,7 фоиз) аёллар сони эса 9066 кишини (52,3 фоиз) ташкил этди.