Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов 25 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор нима учун жаримага тортилган банклар номини очиқламаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.

«Биз буни муҳокама қилиб, бир нарсага тўхталдик. Бевосита аҳолининг банк билан бўладиган муносабатларидаги бузилишлар [бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотлар]ни эълон қилишга қарор қилдик. Аҳолида нотўғри тушунча, нотўғри фикрлар шаклланмаслиги учун банкнинг ички фаолиятидаги, яъни Марказий банкнинг макропруденциал талабларини бажармаслик бўйича масалаларда банк номини эълон қилмасликка қарор қилдик», — деди регулятор раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк Банк назорати қўмитасининг 2023 йил декабрь ойидаги йиғилишларида 3 та банкнинг айрим операцияларни амалга ошириши чекланган, 2 та банкка эса жарима санкцияси қўлланганди.

Ноябрда регулятор кўрсатмаларига амал қилмагани ва макропруденциал вазифалар ижросини ўз вақтида таъминламагани сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чекловлар ўрнатилган, шунингдек, пруденциал нормативларга риоя қилмагани оқибатида 4 та банкка нисбатан жарима чоралари қўлланган.

Шу ойнинг ўзида, аниқроғи, 16 ноябрь куни регулятор кўрсатмаларига амал қилмагани ва юклатилган вазифалар ижросини таъминламагани сабабли 16 та банкка нисбатан жарима чораси қўллангани ҳам хабар қилинганди.

Октябрда эса кредитлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ошкор этмагани учун 16 та тижорат банкига нисбатан жарималар белгиланган. Регулятор бу ҳолатларнинг биронтасида чора кўрилган банклар номини очиқламаган.