Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ташкилотлар ходимлари томонидан фирибгарликка уриниш ҳолатлари аниқланди, деб хабар қилди идора матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкент ва Жиззах шаҳрида яшовчи 55 ёш атрофидаги 2 шахс қурилиш фирмаси раҳбарига ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 72,5 млрд сўмлик ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендер савдоларисиз, тўғридан-тўғри олиб беришини айтган. Эвазига объект қийматининг 6 фоизини, яъни 4 млрд 350 млн сўм талаб қилган.

Бироқ улар Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда сўралган пулдан 29 минг долларини олган вақтларида ушланган.

Мазкур ноқонуний ишга Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган ИИВ ҳузуридаги 44-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг алоқадорлиги аниқланган. Юқоридаги пул маблағидан 28 500 долларини олган вақтида у ҳам қўлга олинган.

Бошқа ҳолатлар

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги боғдорчилик ва полизчиликка ихтисослашган уюшма раиси ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Учкўприк туман филиалининг собиқ мутахассиси, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлари учун бир неча маротаба судланган шахс уюшма балансидаги 10 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб беришини айтган. Эвазига 12 600 доллар талаб қилишган.

Тезкор тадбирда улар сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, Қарши давлат университетининг юрисконсульти Косон туманида яшовчи 32 ёшли фуқаронинг Қозоғистондаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқиётгани тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ўқишини Қарши давлат университетининг тиббиёт факультетига кўчириб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган.

Лекин у сўралган пул маблағидан 8 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.