24 январь куни Пекин шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашув аввалида Ўзбекистон президенти Хитой етакчисига ташриф билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган меҳмондўстлик ҳамда Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг эътирофи учун миннатдорлик билдирди.

Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар ривожида кучли суръатга эришилганини таъкидлади. Барча даражаларда алоқалар фаоллашиб, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатлар муҳим масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида қайд этилди.

Мисол учун, ўтган йил ноябрь ойида Пекин шаҳрида Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган, парламентлараро ҳамкорлик фаоллашган.

си цзиньпин, хитой, шавкат мирзиёев

Президент ХХР раисига камбағалликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликка шахсан эътибор қараётгани ва қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккур билдирди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда Хитойнинг «Лу Бань устахонаси» профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланаётганига ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, сўнгги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошган, ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етган. Яқин келажакда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.

Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди. 2023 йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилгани қайд этилди.

«Хитойнинг етакчи банклари, „Ипак йўли“ фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юқори баҳоланди», — дейилади хабарда.

си цзиньпин, хитой, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини таъкидлаб, хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Икки давлат етакчилари ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганини билдириб, бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олди.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди.

Хабарда ёзилишича, кеча Пекинда биринчи таълим форуми, Шанхайда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари кўргазмаси муваффақиятли ўтган. Шу кунларда ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасидаги тадбирлар ҳам Хитой пойтахти аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди, дейилади хабарда.

Учрашувда таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Томонлар режалаштирилган барча тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида Ҳукуматлараро қўмита ва унинг барча кичик қўмиталари йиғилишларини жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказишга келишиб олди.

Музокаралар давомида минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. «Ягона Хитой» сиёсати ҳамда «уч ёвуз куч»га (терроризм, экстремизм ва сепаратизм — таҳр.) қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев ХХР раҳбарини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди ҳамда Хитой халқини яқинлашиб келаётган хитойча Янги йил — «Чунь Цзе» байрами билан табриклади.

«Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди», — дейилади хабарда.