Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳридаги тадбирлар доирасида Хитой Экспорт-импорт банки раиси Ву Фулинни қабул қилиб, банкнинг Тошкент шаҳрида минтақавий офис очиш бўйича режаларини кўриб чиқди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистондаги қўшма лойиҳалар портфели 3,5 млрд долларга етгани қайд этилди. Банкнинг Тошкент шаҳрида минтақавий офис очиш ҳамда транспорт ва ижтимоий инфратузилма, саноат ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича янги истиқболли лойиҳаларни шакллантириш борасидаги режалари кўриб чиқилди.

Хитой Эксимбанкига 1994 йилда асос солинган. Активлари қиймати 800 миллиард доллардан ортиқ бўлган банк ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Хитойнинг етакчи молиявий институти ҳисобланади.

Мазкур банк, 2023 йил бошидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонга қарз берган энг йирик кредиторлардан бири ҳисобланади. Ташқи қарзнинг 1,9 млрд доллари айни шу ташкилот улушига тўғри келади.

ву фулин, президент, хитой, хитой эксимбанки, шавкат мирзиёев