Ўзбекистонда атмосфера ҳавосидаги (диаметри 2,5 микрометргача бўлган) майда РМ2,5 заррачалари миқдорининг стандарти мавжуд эмас, у ҳавонинг ифлосланиш даражасини баҳолашда қўлланади. Мутахассислар ҳозирда бу соҳада миллий стандартларни ишлаб чиқмоқда.

Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги «Газета.uz»га маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик ўз сайтида ҳам эълон берди.

Экология вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳаво сифати мониторинги бўйича миллий платформа, жумладан, мобил иловани ишлаб чиқиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

2023 йилда лойиҳа доирасида Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг атмосфера ҳавоси ифлосланишидан касалланиш даражасини ўрганиш бошланди, дейилади вазирлик хабарида.

Ҳозирда ҳавонинг ифлосланиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ баҳоланади. ЖССТнинг тавсиялари қатъий, аммо республикамизнинг географик ва иқлимий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда бундай кўрсаткичларга эришиш қийин, дея таъкидлади Экология вазирлиги. Ўзгидромет буни 2019 йилда ҳам таъкидлаганди: «Ўзбекистоннинг қурғоқчил иқлими заррачаларнинг ҳосил бўлишига, уларнинг атмосферадаги ҳаракати ва миқдорий таркибига сезиларли даражада ўзига хос таъсир кўрсатади».

ЖССТ тавсияларига кўра, ҳаводаги РМ2,5`нинг ўртача йиллик миқдори 5 мкг/м3, ўртача суткалик миқдори 15 мкг/м3 бўлиши керак. «Дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги кўрсаткичлар ЖССТ тавсия этган стандартларга мувофиқ эмас, кўп давлатлар ўз миллий стандартларини қабул қилган», — дейилади вазирлик хабарида.

АҚШ ва Мексикада бу стандарт 12 мкг/м3, Беларусь ва Японияда — 15 мкг/м3, Европа Иттифоқи мамлакатларида — 25 мкг/м3, Россияда — 20 мкг/м3, Хитойда 35 мкг/м3, Ҳиндистонда эса 40 мкг/м3, Жанубий Кореяда эса РМ2,5 стандарти йўқ, дея хабар беради вазирлик. Таъкидлаш жоизки, АҚШда ушбу ҳафтада рухсат этилган даражани 12 дан 9 мк/м3 гача камайтириш режалаштирилмоқда.

Республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасининг жорий кўрсаткичи маълум бир ҳудуд учун устувор ифлослантирувчи моддалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган Атмосфера ифлосланишининг комплекс индекси (АИИ) ҳисобланади. Бу кўрсаткич АИИ бўйича 5 дан кам бўлса, паст деб баҳоланади, 5 дан 7 гача — ортган, 7 дан 14 гача — юқори, 14 ва ундан юқори бўлса — жуда юқори деб қаралади.

2015−2023 йиллар учун Тошкент шаҳрида АИИ қийматлари динамикаси

тошкент, ўзгидромет, экология вазирлиги, ҳаво сифати, ҳавонинг ифлосланиши

«Жадвалдан кўриниб турибдики, кейинги йилларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб бормоқда. Шунингдек, СанЭҚваН (санитария қоидалари ва нормалари — таҳр.) 0293−11 (150 мкг/м3)га кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори бўйича рухсат этилган максимал концентрациядан 1,3 баравар ошиб кетган», — дейди Экология вазирлиги Ўзгидрометга таяниб.

2015−2023 йилларда Тошкент шаҳридаги чангнинг йиллик концентрацияси

тошкент, ўзгидромет, экология вазирлиги, ҳаво сифати, ҳавонинг ифлосланиши

2023 йилда Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар маълумотлари ва IQAir веб-сайти шкаласига кўра, кунлар сонига нисбатан энг ифлосланган ой январь (19 кун) бўлган. Эслатиб ўтамиз, ўша ойда Ўзбекистонда аномал совуқ кузатилган.

тошкент, ўзгидромет, экология вазирлиги, ҳаво сифати, ҳавонинг ифлосланиши

Тошкент шаҳридаги ҳаво сифати мониторинги Ўзгидрометнинг стационар постларида қуйидаги кўрсаткичлар бўйича амалга оширилади: муаллақ заррачалар (чанг), олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, озон, углерод оксиди, фенол, фтор водород, аммиак, формальдегид, оғир металлар.

15 та автоматик мониторинг станцияси олтингугурт диоксиди, азот диоксиди ва оксиди, углерод оксиди, озон ва PM10 ва PM2,5 зарраларини назорат қилади. Мавжуд маълумотларга кўра, яқин ойларда пойтахт ва бошқа ҳудудларда кузатув станциялари сонини сезиларли даражада ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳридаги ҳаво сифати автомобиллар томонидан атмосферага чиқаётган газлар, саноат чиқиндилари, шунингдек, об-ҳаво шароити (шамол, юқори ҳарорат, қурғоқчилик ва бошқалар) билан ўлчанади.

ЖССТ ҳавонинг ифлосланишини атроф-муҳит саломатлиги учун хавф деб атайди. У инсульт ва юрак-қон томир касалликлари, шунингдек, ўпка саратони каби юрак-қон томир ва нафас олиш касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

Январь ойи бошида Экология вазирлиги Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг асосий омилларини санаб, вазиятни яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни эълон қилган эди. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган муҳокамада атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мавзуси экологик мавзудан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган даражага кўтарилиб, мамлакатнинг барча аҳолиси хавфсизлиги ва саломатлиги билан боғлиқлиги таъкидланди.