Тошкент шаҳрида эски ТошМИ ҳудудидаги собиқ кадет корпусининг босмахона биносини реставрация қилиш лойиҳаси тасдиқланди, дея хабар бермоқда Маданий мерос агентлиги.

Январь ойи бошида тармоқларда ушбу бино бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Маданий мерос агентлиги буни рад этиб, бино маданий мерос объекти экани ва давлат томонидан муҳофаза қилинишини билдирган.

Кейинчалик, бир ҳафтача ўтиб собиқ кадетлар корпуси биноси профнастил панжара билан ўрала бошлаган, ҳудудда демонтаж ишлари бошланган. Шаҳар маданий мерос бошқармаси реконструкция лойиҳасини ҳали тасдиқлагани йўқлиги, аммо «ишни назорат қилаётгани» билдирилган.

Агентликнинг маълум қилишича, 11 январь куни агентлик ҳузуридаги илмий-эксперт кенгашининг 1-сонли йиғилиши бўлиб ўтган. Ўтказилган йиғилишда O‘zshaharsozlik LITI давлат муассасаси томонидан тақдим этилган «Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш» лойиҳаси кўриб чиқилган.

маданий мерос агентлиги, реставрация, собиқ кадет корпуси, тарихий бино, эски тошми

Лойиҳага кўра, ушбу бинога мос равишда 26 метр, 13 метр ва 52 метр масофалардаги «аккредитация-симуляция» қўшимчасига 2 та ётоқхона биносини қуриш, лойиҳада черков бўлган бинонинг юқори қисмини тиклаш, биноларнинг ташқи кўринишини ҳамда конструктив ҳолатини сақлаш белгиланган.

Илмий-эксперт кенгаши O‘zshaharsozlik LITI давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган собиқ кадетлар биносини реконструкция қилиш ва иншоотларини қуриш лойиҳаси юқорида белгиланган талаблар, шунингдек, бинонинг ташқи кўринишини конструктив тарзда сақлаш шарти билан тасдиқлаган. Кенгаш лойиҳа хулосаси тегишли тартибда муассасасига юборилган.

Яқин вақтгача Тошкент тиббиёт институтининг 3-клиникаси жойлашган асосий бино Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети (РМТТУ) филиали учун тайёрланмоқда. Уни ташкил этиш президентнинг 2021 йил 1 июлдаги қарорида кўзда тутилган.

Маълумот учун, кадетлар корпуси XIX аср охирида Туркистон ўлкаси қурилиш бошқармаси бошлиғи, меъмор Вильгельм Гейнцельман раҳбарлигида ҳарбий бўлим лойиҳаси бўйича қурилган. Филиал учун берилган бино Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасида сақланади.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал эски ТошМИ ҳудудидаги собиқ саратон бўлими — XX аср бошларида қурилган икки қаватли бино бузиб ташланган эди. У ерда Александр Солженициннинг «Саратон бўлими» романи воқеалари бўлиб ўтган.