Ижтимоий тармоқларда Тошкент кадетлар корпусининг собиқ босмахонаси биноси бўлган Тошкент тиббиёт академияси (эски ТошМИ) биноси бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Қайд этилишича, тиббиёт ходимларидан зудлик билан бинони тарк этиб, Кичик ҳалқа йўли бўйидаги янги бинога кўчиб ўтишлари сўралган.

маданий мерос, маданий мерос агентлиги, тошми

Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдираркан, XIX асрда қурилган бино бузилиши ҳақидаги маълумотни рад этди.

Агентликнинг қайд этишича, бино 2019 йилда ҳукумат томонидан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. У давлат мулки бўлиб, Тиббиёт академияси томонидан оператив бошқарув муассасаси сифатида фойдаланилади.

маданий мерос, маданий мерос агентлиги, тошми

Бинода ҳеч қандай қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаяпти, дейилади агентлик хабарида. Шу билан бирга, унда айтилишича, тиббиёт маскани маъмуриятига бинода қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг тегишли рухсатномаси асосида ва лойиҳа-сметаларини тақдим этган ҳолда иш бошлаш кераклиги алоҳида тушунтирилган.

«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, моддий маданий мерос объектининг мулкдори (бу ўринда давлат) ўзига қарашли бўлган моддий маданий мерос объекти йўқотилса, унинг ўрни тўлдириб бўлинмаслигини ҳамда унинг тарихий, маданий ёки илмий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, уни сақлаб туриш вазифасини зиммасига олади. Объектлар давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.

маданий мерос, маданий мерос агентлиги, тошми

Агентлик бу каби ҳолатларга жамоатчиликнинг бефарқ эмаслиги ҳамда маданий мерос объектларини асраб-авайлашга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал эски ТошМИ ҳудудида собиқ саратон бўлими биноси — XX аср бошларида қурилган икки қаватли бино бузиб ташланганди. XX аср бошида қурилган ғиштин бинода адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Александр Солженициннинг «Саратон бўлими» романи воқеалари бўлиб ўтган.

Маълумот учун, эски ТошМИ ҳудудида, юқоридаги рўйхатга кўра, XIX асрга оид бешта меъморий ёдгорлик мавжуд. Собиқ саратон биноси ушбу рўйхатга киритилмаган.