Тошкентда адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, ёзувчи Александр Солженициннинг «Саратон бўлими» номли романи воқелари содир бўлган бино бузиб ташланди. Ғиштдан қурилган икки қаватли иншоот эски ТошМИ (ҳозирги Тошкент давлат стоматология институти — таҳр.) ҳудудида, Кичик ҳалқа йўли четида жойлашган эди. Унда сўнгги вақтларгача болалар жағ хирургияси бўлими жойлашган эди.

Фото: Влад Заманов. Февраль, 2021 йил

Бино вайроналарида «Газета.uz» мухбирлари учратган техник назорат ходимининг исми сир қолиш шарти билан айтишича, собиқ саратон бўлими биноси уч ой олдин бузиб ташланган.

Унинг сўзларига кўра, бинонинг бузилишига собиқ ТошМИ ҳудудида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази биноси қурилиши сабаб бўлган.

«Янги марказда 580 ўрин бор, лекин автотураргоҳ йўқ. Ходимларга тахминан 100 ёки 150 та тўхташ жойи керак бўлади. Меҳмонлар машиналарини қаерга қўйишади? Шунинг учун бу ерда автотураргоҳ бўлади. Ҳатто электромобилларни ҳам қувватлаш мумкин», — деди у.

Бинонинг бир четида ўсган чиноргина саратон бўлимини эслатиб турибди.Бинонинг бир четида ўсган чиноргина саратон бўлимини эслатиб турибди.

Унинг қайд этишича, бино пойдеворсиз ва авария ҳолатида бўлган.

«Аввалига бу маданий мерос ҳисобланишини айтишди, бироқ текширилгандан кейин бу факт тасдиқланмади. Биз бино маданий мерос эмаслиги ҳақида хат олдик», — дейди ходим.

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри маълумотларига кўра, эски ТошМИ ҳудудида XIX асрга оид бешта меъморий ёдгорлик мавжуд. Улар собиқ кадетлар корпуси босмахонаси биноси, болалар ва катталар юқумли касалликлар шифохоналари бинолари, юқумли касалликлар диспансерининг изолятори биноси ҳамда эски ТошМИнинг 29-сон даволаш бўлими биносидан иборат

александ солженицин, саратон бўлими

«1901 йилда қурилган болалар жағ хирургияси биноси моддий маданий мерос объектлари кадастрида қайд этилмаган. Мазкур бино ўрнида автотураргоҳ қуриш режалаштирилган», — дея маълумотни тасдиқлади Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси.

«Раковый корпус» номи билан машҳур бўлган собиқ саратон бўлимини бузиш ташаббуси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан чиққан.

александ солженицин, саратон бўлими

Вазир Беҳзод Мусаев имзолаган 20 сентябрдаги 255-сонли буйруқ скриншотини блогер Фотима Жураева 8 декабрь куни Facebook-саҳифасида эълон қилди. Ҳужжатда Ўзбекистон президентининг «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига таяниб, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази автотураргоҳини қуриш учун бинони бузиш масаласи кўтарилган. «Тиббиёт қурилиш инжиниринг» ДУКга автотураргоҳ қурилиши маданий мерос объектлари муҳофаза ҳудудида олиб борилишини инобатга олиб, ушбу қурилиш лойиҳа ҳужжатларини Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши муҳокамасига тақдим этиш вазифаси юклатилган.

«Бино маданий мерос объектлари муҳофаза ҳудудида жойлашгани боис лойиҳани Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши йиғилишида муҳокама қилиш таклиф этилди. Қўшимча тадқиқотлар натижасида бино маданий мерос объектларидан 50 метрдан ортиқ масофада жойлашгани аниқланди. Бу тарихий муҳитни шаҳар муҳофазаси нуқтаи назаридан Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мос келади. 333-бандга мувофиқ, маданий мерос объектларидан транспорт ва муҳандислик коммуникацияларигача бўлган масофалар текис релъефларда 50 метрдан кам бўлмаслиги керак. Унинг ўрнига бошқа бино қурилмаслиги инобатга олиниб, автотураргоҳ қуриш лойиҳаси тасдиқланди», — дея тушунтирди пойтахт Маданий мерос бошқармаси.

Бошқармадан қайд этилишича, Илмий-эксперт кенгаши томонидан болалар-жағ хирургияси биносининг Моддий маданий мерос объектлари Давлат кадастрига киритилиши мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаган.

Тошкентдаги X-Places шаҳар тадқиқотчилари жамиятидан ўлкашунос олим Рустам Хусанов эса бошқача фикрда. Унинг фикрича, Тошкентдаги саратон бўлими биноси «шунчаки тозаланиши ва порлатилиши керак бўлган олмос эди».

«Тасаввур қилинг-а, сиз Колизейга эгасиз. Кейин уни кераксиз нарсалар каби бузиб ташлаб, ўрнига автотураргоҳ қурасиз. Шу нарса Ўзбекистонда ёдгорликларга қандай муносабатда бўлинишини жуда тўғри таърифлайди», — деди Рустам Хусанов.

александ солженицин, саратон бўлими

Орқа фонда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази биноси жойлашган.

Машҳур саратон бўлими X-Places`нинг инқилобдан олдинги Тошкент бўйлаб саёҳатидаги нуқталардан бири бўлган. Маълум бўлишича, Хусанов шу йилнинг май ойида бинога сўнгги туристлар гуруҳини бошлаб келган ва айвонда Солженицин романидан парчалар ўқиб берган.

«Ичкарига кирдим, шифокорлар билан суҳбатлашдим. Ҳамширалар бир гуруҳ сайёҳларга қараб: „Солженицин?“ — дея жилмайишганди. Тушунаман, бино эскирган, аммо у тарихий аҳамиятга эга ҳамда адабий, илмий ва туристик зиёратгоҳга айланиши мумкин эди. Аммо унинг ўрнига энди автотураргоҳ бўлади», — деди ўлкашунос.

Тошкентлик тарихшунос Борис Голендернинг фикрича, собиқ саратон бўлими биноси XIX аср охирида қурилган кадетлар корпусининг бир қисми эмас, балки ёрдамчи бино бўлган. Унинг сўзларига кўра, бузиб ташланган бино алоҳида меъморий аҳамиятга эга бўлмаган, аммо эсда қоларли бўлиши мумкин эди.

«Бу айнан ўша саратон корпуси эканлигига ишончим комил эмас. Тўғри, одамлар уруш йилларида ва ундан кейин онкология бўлими айнан ўша жойда, Кичик ҳалқа йўли бўйлаб жойлашганлигини айтишарди», — деди Борис Голендер.

Кадетлар корпусининг асосий биноси.

«Тошкент ҳақида мактублар» («Письма о Ташкенте») сайти муҳаррири Евгений Скляревский Александр Солженицин саратон касаллигидан айнан қаерда даволангани мунозарали деб ҳисоблайди: эски ТошМИдами, Глинкадаги собиқ онкология шифохонасидами ёки фойесида Нобель мукофоти совриндори ҳақидаги лавҳа бўлганТахтапулдаги Тошкент вилоят онкологиясидами?

«Аммо шаҳар афсонаси сифатида у тошкентликлар учун қимматли эди. Шахсан мен учун саратон биносининг бузилиши — йўқотиш. Тошкентда кўплаб эски бинолар бор ва уларнинг ҳар бирини сақлаб қолиш керак. Ҳозирда шаҳар тарихига қизиқиш кучаймоқда. Бинони экскурсиялар ва жамоат жойларига киритиш ёки яшаши учун тиббий муассаса сифатида қолдириш мумкин эди. Қолаверса, бино жаҳон миқёсидаги шахс номи билан боғланган ва унинг ҳикоясида тилга олинади», — деди Евгений Скляревский.

Унинг сўзларига кўра, тарихий бинонинг бузилиши Маданий мерос агентлигининг ҳимояга муҳтож объектни «белгилаш»га расман қандай ёндашишидан далолат беради.

«Умуман олганда, барча мамлакатларда давлат ёдгорликларни муҳофаза қилишга бирламчи масала сифатида қарамайди — янада муҳимроқ вазифалар мавжуд. Бу ерда жамоатчилик: энтузиастлар, блогерларнинг роли муҳим. Ёлғизлар кўп нарсага эриша олмайди. Бундай тўсатдан бузишлар, деворлар ортидаги дарахтларнинг кесилиши ёки кўл ўрнига театларлар қурилишига йўл қўймаслик учун волонтёрлар фаолияти мувофиқлаштирилиши зарур», — дея ўз фиркрлари билан ўртоқлашди Евгений Скляревский.

Унинг фикрича, саратон биноси бузиб ташланганидан сўнг «Газета.uz» батафсил репортаж эълон қилган «УзБум» яқинидаги эски биноларни муҳофаза қилиш масаласи янада кескинлашмоқда.

Александр Солженицин повест сифатида белгилаган «Саратон бўлими» асари ғояси 1954 йилда Тошкентда дунёга келган. Сургундаги ёзувчи тиббиёт шаҳарчасида жойлашган «ўн учинчи» саратон биносида даволанаётган эди. Ўша пайтда бу клиника республикада саратон касаллигига чалинган беморлар юбориладиган ягона муассаса бўлган. Ўша давр хотиралари, шифокорлар ва бош қаҳрамон билан бир палатада бўлган беморлар романга асос бўлди. Ёзувчи тўрт йил: 1963 йилдан 1967 йилгача асар устида ишлади.

«Саратон бўлими»даги кўплаб қаҳрамонлар реал прототипларга эга. Шифокорлардан Людмила Донтсова образи нур бўлими мудираси Лидия Александровна Дунаева, Вера Гангарт эса даволовчи шифокор Ирина Емельяновна Мейке образидан олинган. Улар бўлғуси Нобель мукофоти совриндорининг ҳаётини сақлаб қолишади. Ҳодисалар бўлиб ўтган Тошкентдаги жигарранг-сариқ тусдаги ғиштлардан бунёд бўлган «адабиёт ёдгорлиги» вайронлари эса бугун қор остида қолган.