2023 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Хитойга 54,50 миллион долларлик табиий газ экспорт қилди, бу аввалги ой — ноябрга нисбатан 1 фоиз кам ҳисобланади. Бу бўйича «Газета.uz» Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларини ўрганди.

Умуман олганда, 2023 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистон Хитойга 563,539 млн долларлик табиий газ экспорт қилди, бу 2022 йилга нисбатан 47,4 фоизга кам дегани (ўша йилда 1,07 млрд долларлик газ сотилган).

Хитойга газ етказиб бериш бўйича етакчи давлатлар: Туркманистон (12 ой давомида 9,6 млрд долларлик), Россия (6,43 млрд доллар), Мьянма (1,46 млрд доллар) ва Қозоғистон (1,32 млрд доллар).

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатнинг хорижга газ экспорти ҳажми 529,9 млн долларни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 42,7 фоизга кам. Декабда газ етказиб бериш ҳажми 20 млн доллардан ошди, лекин Ўзбекистондан олинган расмий маълумотлар Хитой божхона статистикасидан фарқ қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири 2020 йилда мамлакат 2025 йилгача газ экспортини бутунлай тўхтатмоқчи эканини айтганди. Газни қайта ишлаш, қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилган.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш бўйича статистикалар бир неча каррасига фарқ қилаётгани ҳақида ёзган. Кейинроқ энергетика вазири буни Хитой статистикада туркман газининг транзитини ҳисобга олгани билан изоҳлаган. Бироқ «Газета.uz» ҳисоблаб, ҳатто транзитни қўшганда ҳам статистика кескин фарқ қилаётганини аниқлаган.

Шунингдек, Иқтисодиёт вазирлиги олти ойда 2,6 млрд куб метр — 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 баробар кўп газ импорт қилган. Бу Статистика агентлиги маълумотларидан фарқ қилади ва МБ раҳбарининг газ импорти туфайли бюджет тақчиллиги ошгани ҳақидаги сўзларига қисман ойдинлик киритиши мумкин.