Адлия вазирлиги «Газета.uz» сўровига кўра маиший ва бошқа жиҳозларни олиб киришда ишлаб чиқарувчининг расмий дилери бўлиши шартлиги белгилангани юзасидан изоҳ берди.

Аввал хабар берганимиздек, президент қарорига мувофиқ, 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонга музлаткич, радиатор, чангюткич, кир ювиш машинаси, телевизор ва бошқа (13 турдаги) жиҳозларни олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерлари бўлиши талаб қилинади. Улар, шунингдек, хизмат кўрсатишлари ҳам керак бўлади.

Адлия вазирлигининг хабар беришича, 10 январь куни имзоланган ҳужжат лойиҳаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, вазирликка тасдиқлаш учун тақдим этилган.

адлия вазирлиги, маиший техника, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, ўзэлтехсаноат, электротехника

адлия вазирлиги, маиший техника, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, ўзэлтехсаноат, электротехника

адлия вазирлиги, маиший техника, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, ўзэлтехсаноат, электротехника

адлия вазирлиги, маиший техника, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, ўзэлтехсаноат, электротехника
Президентнинг 10 январдаги қароридан (ПҚ-15).

«[Адлия вазирлигига] тақдим этилган вариантда Ўзбекистонга олиб киришда уларнинг сифати, хавфсизлиги ҳамда сервис кафолатини таъминлайдиган ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари мавжуд бўлиши талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхати (қарорнинг 3-иловаси) мавжуд бўлмаган», — дея қайд этди вазирлик.

Бундан кўринадики, ҳужжат лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилганда мазкур банд бўлмаган.

Вазирлик хабарига кўра, ПҚ-5025-сонли қарорда лойиҳа ташаббускори ҳисобланган давлат органи уни тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ)дан ўтказиши зарурлиги белгиланган.

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш мумкин бўлган оқибатларни, шу жумладан манфаатдор томонларга асоссиз харажатлар, кераксиз мажбуриятлар, тақиқлар ва чекловларни белгилаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, шунингдек, муаммони, уни ҳал қилиш йўлларини ва тартибга солиш мақсадларини таҳлил қилиш йўли билан актнинг ҳаракати натижасида вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқлаш учун ўтказилади.

Вазирликнинг қайд этишича, рўйхат йўқлиги сабабли ҳужжат ишлаб чиқувчи томонидан ТСТБдан ўтказилган ёки ўтказилмагани ҳақида маълумот йўқ.

Адлия вазирлиги ҳужжат лойиҳаси экспертизадан ўтказилиш жараёнида ўз эътирозларини билдирганини маълум қилди, аммо эътирозларнинг мазмуни қандай бўлгани, улар инобатга олингани ёки йўқлигига аниқлик киритмади.

Рақобат қўмитаси

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Kun.uz`га маълум қилишича, қарорни қабул қилишда қўмитанинг таклифлари инобатга олингани ва айни дамда унда рақобатга зид ҳолатлар йўқлиги билдирилган.

Қўмита маълумотларига кўра, қарор лойиҳаси белгиланган тартибда қўмитага келишиш учун киритилган ва лойиҳада назарда тутилган нормаларнинг рақобатга таъсири «ex-ante» усулида белгиланган тартибда баҳоланиб, тегишли хулоса тақдим қилинган.

«Ушбу хулосада берилган таклифлар инобатга олинган. Хусусан, тайёр электротехника маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишида импорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 1 фоизи миқдорида амалдаги импорт божларига қўшимча равишда йиғим ундирилишини назарда тутувчи норма лойиҳадан чиқариб ташланган», — дейилади давлат идораси хабарида. Гап, эҳтимол, декабрь ойининг охирида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги йиғилиш баённомасига кўра жорий этилиши режалаштирилган антидемпинг божи ҳақида кетмоқда.

Таъкидланишича, «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 23-моддасида давлат хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларининг имтиёзли шартлар асосида берилиши ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида давлат ёрдами берилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу билан бирга, айрим хўжалик юритувчи субъектларга соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тарзда якка тартибда давлат ёрдами берилишига йўл қўйилмайди.

Рақобат қўмитаси томонидан ушбу қарор лойиҳаси кўриб чиқиш жараёнида давлат ёрдами, шу жумладан, солиқ имтиёзлари, преференциялар ва афзалликлар электротехника тармоғи корхоналарига умумий берилаётгани, лойиҳада якка тартибда давлат ёрдами назарда тутилмагани аниқланган.

Муносабатга қарорни амалиётда қўллаш жараёнида рақобатга зид ҳаракатлар ва ҳолатлар амалга оширилса, уларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига белгиланган тартибда тақдимномалар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатини такомиллаштириш бўйича Президент администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

«Газета.uz» ҳужжатнинг асосий қисми «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси томонидан ишлаб чиқилганини маълум қилган Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) билан боғланди. Ташкилот таҳририят сўровига кўра маиший ва бошқа жиҳозларни олиб киришда ишлаб чиқарувчининг расмий дилери бўлиши талаби «истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида» ишлаб чиқилганини таъкидлади.

Жавобда уюшма ҳамда Рақобат қўмитасига айрим брендлар ва сотувчилардан сотиб олинган техникаларга хизмат кўрсатилмаётгани юзасидан фуқаролардан мурожаатлар келиб тушгани айтилади. Бироқ уларнинг сони кўрсатилмаган.

Уюшма импорт қилувчилар ишлаб чиқарувчи ёки маҳаллий расмий дилер билан келишувга эга бўлиши кераклигини билдирди. Чекловлар Ўзбекистонда аллақачон ваколатхонаси мавжуд бўлган машҳур брендлардан импорт қилиб сотувчи тадбиркорларга таъсир қиладими, деган саволга «Ўзэлтехсаноат» яқин кунларда жавоб беришини қайд этди.

ИССВ интернетда билдирилган эътирозларнинг ҳар бирига батафсил жавоблар тайёрлаётганини маълум қилди.

Аввалроқ президент қарори билан электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2024−2026 йилларда тижорат банкларига, уларнинг буюртмасига асосан 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга, йиллик 5 фоиз ставкада 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилиши ҳақида хабар қилинганди.

Инвестициялар, саноат ва савдо бўйича ҳукумат комиссиясига 2027 йилгача Ўзбекистон электротехника саноати корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва уларни амалга ошириш учун бюджетдан маблағ олиш ҳуқуқи берилган.