Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссияси янги ваколатларга эга бўлади. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 10 январда имзолаган қарорида кўзда тутилган.

Хусусан, комиссия 2027 йил 1 январгача электротехника саноати корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриши мумкин. Ушбу чора-тадбирлар учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан маблағ ажратилади. Шундай қилиб, энди бюджет маблағлари нафақат президент, ҳукумат ва парламентнинг ҳужжатларига мувофиқ, балки ҳукумат комиссияси қарорлари асосида ҳам ажратилади.

Аввал хабар берганимиздек, 25 декабрда бўлиб ўтган ҳукумат комиссиясининг Жамшид Ходжаев бошчилигидаги 118-сонли йиғилиши баёнида («Газета.uz»да нусхаси мавжуд) электротехника соҳасида мамлакат корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича президент қарорида назарда тутилмаган қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Уларнинг рўйхатида маиший техника импорти учун ўртача 10 фоиз ставка билан антидемпинг божини жорий этиш, маҳсулотларни экспорт қилишда электротехника корхоналари томонидан «факторинг» ва «валюта курсини хеджирлаш» хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш механизми, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар ва хомашё импорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш ва бошқа кўплаб чоралар ўрин мавжуд.

Қарорга кўра, таъсисчиси «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси бўлган Eltech-Lab компанияси томонидан электротехника ва маиший электроника маҳсулотларнинг техник регламентлар ва халқаро талабларга (хавфсизлик ва энергия самарадорлиги кўрсаткичлари) мувофиқлигини баҳолаш бўйича замонавий синов лабораторияси ва сертификатлаштириш маркази ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 2024 йилда давлат бюджетидан 25 млрд сўм йўналтирилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига уч ой муддатда электротехника истеъмолчиларига бинолар ва иншоотлар, техник воситалар, жиҳозлар, шунингдек, тегишли малака сертификатларига эга бўлган техник хизмат кўрсатиш маркази ходимларига қўйиладиган талаблардан келиб чиқиб юқори сифатли ва кафолатланган хизматлар кўрсатиш мақсадида хизматларни халқаро стандартлар асосида тартибга солиш механизмини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ҳукуматга киритиш топшириғи берилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат комиссияси йиғилиши баённомасида қуёш фотоэлектрик панелларини (ТИФ ТН кодлари 8541430000 ва 8541420000) техник регламент талабларига мувофиқлиги мажбурий тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритиш ҳам назарда тутилганди. Мақсад сифатсиз маҳсулотлар бозорга кириб келишининг олдини олиш экани қайд этилган.

Eltech Lab синов лабораториясида йил охиригача қуёш панелларининг техник талаблар ва сифат кўрсаткичларига мувофиқлигини синовдан ўтказиш бўйича йўналиш ташкил этиш топшириғи берилган.

Бундан ташқари, йиғилиши баённомасида трансформатор подстанциялари ва трансформаторлар, кабель ва мис маҳсулотлари, қуёш станциялари учун ягона техник талабларни ишлаб чиқиш топшириғи берилган. Объектлар техник талабларга мувофиқлиги бўйича текширилади ва шундан кейингина электр тармоғига уланади.

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга ҳам раҳбарлик қилади. Шу билан бирга, 2023 йил 1 июлдан ЖСТ қоидалари ва нормаларига мос келмайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш тақиқланган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон электротехника ишлаб чиқарувчиларига йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар, 2027 йилгача солиқ имтиёзлари, маркетинг тадқиқотлари харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш, давлат харидларида имтиёзлар ва яна бошқа кўринишдаги имтиёзлар ҳам берилади.

Бундан ташқари, 1 февралдан Ўзбекистонга музлаткичлар, радиаторлар, чангюткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва бошқа жиҳозларни олиб кириш учун мамлакатда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерларининг бўлиши талаб қилинади. Шу билан бирга, улар сервис хизматларини кўрсатиши ҳам талаб этилади.