Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 январь куни рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларнинг янги турлари учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонунчилик палатаси 19 сентябрда қонунни қабул қилган, Сенат эса 24 ноябрда маъқуллаган.

Сенатнинг ноябрдаги мажлисида таъкидланганидек, мобил қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда, дейилганди Сенат йиғилишида.

Шу сабабларга кўра Жиноят кодексининг «товламачилик» тушунчасига (165-модда) ўзгартиришлар киритилиб, жабрланувчини обрўсизлантирадиган маълумотлар билан боғлиқ жиноят учун жавобгарлик белгиланди.

165-модда биринчи қисмининг диспозицияси янги таҳрирда қуйидагича баён этилади:

«Товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, олиб қўйиш ёки тўсиб қўйиш ёхуд уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиш, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш».

Эслатиб ўтамиз, ушбу моддада 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.