Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланишича мобил қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Шу боис, Жиноят кодексидаги (165-модда) товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Бунда Жиноят кодексининг 165-моддаси биринчи қисмига «мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд» деган сўзлардан кейин «жабрланувчининг ахборот ресурсини йўқ қилиш, ўзгартириш, олиб қўйиш ёки тўсиб қўйиш ёхуд уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб» деган сўзлар билан тўлдирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, ушбу модда билан айбдор деб топилган шахслар уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига маълум бир ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бораётгани таъкидланди.

Ҳозирда биргина IMEI кодида 5011 та, яна бошқа бир IMEI кодида эса 2347 та SIM-карталар бир вақтда фаол ҳолатдалиги аниқланган. Қонунчиликда бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан бирон-бир ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш белгиланмаган.

Шу сабабли қонунчиликдаги мазкур бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.

Шу билан бирга Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш (155−4-модда) маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланиб, қонунга хилоф равишда крипто-активларни олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизмат провайдерлари фаолиятини амалга оширганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган тақдирда Жиноят кодексига киритилаётган 278−8-моддасибиринчи қисми билан жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида майнинг фаолиятини белгиланган тартибни бузган ҳолда амалга оширишҳамда аноним крипто-активлар майнинги фаолияти билан шуғулланиб (155−5-модда), белгиланган тартибни бузган ҳолда анча ва кўп миқдорда (БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача) майнинг фаолиятини амалга ошириш маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланмоқда.

Ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар ушбу жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни фош этишда ёрдам берган ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши сенаторлар томонидан қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

«Инсоннинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги бу — конституциявий кафолат. Ҳеч ким, ҳеч қанақасига уни бузишга ҳақли эмас. Бугун Сенатда маъқулланган қонун нормалари бу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ва уларга қарши самарали таъсир чоралари қўлланилишига қаратилган», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.