Ўзбекистонда 2024 йилдан ҳар икки йилда бир маротаба май ойининг учинчи ҳафтасида мукофот жамғармаси 2 млн доллар бўлган Халқаро «Ўзбекистон ипак матолари» мода ҳафталиги («Silk Uzbekiston fashion week») ўтказилади.

Бу 12 январь куни имзоланган «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида назарда тутилган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Фармонга туризм салоҳияти юқори бўлган туман ва шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат бўлган туризм марказлари қурилиши назарда тутилган.

Шунингдек, «Зомин» туристик-рекреацион зонаси, «Чимён» халқаро умуммавсумий курорти ва «Амирсой» тоғ-чанғи курорт зонаси ҳудудида бож олинмайдиган («duty free») ва йирик халқаро брендларнинг савдо дўконларидан иборат бўлган йирик савдо комплекслари («Luxury tourism village») қурилади.

2024 йилдан хорижий мамлакатларда республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун туризм вакиллари бириктирилади. 2024 йил 1 октябргача туризм марказларининг мастер режалари ишлаб чиқилади.

️Шунингдек, 2024 йилдан:

  • Туризм намойиши объектларини ўзаро боғловчи «туризм ҳалқалари»ни ташкил қилиш асосида саёҳат муддатини оширишни назарда тутувчи «Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат» дастури амалга оширилади.
  • Республикадаги туризм намойиши объектларини ўзаро боғловчи Туристик йўналишлар (маршрутлар)нинг ягона реестри юритилади.
  • Миллий заргарлик маҳсулотлари дўконларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли қуймалар ҳамда Марказий банкнинг эсдалик пул белгиларини сотиш учун вендинг автоматларини ўрнатишга рухсат берилади.
  • «Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат» туризм мавсумларининг очилишини назарда тутувчи фестиваллар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда халқаро «Ўзбекистон ипак матолари» мода ҳафталигини ташкил қилиш таклифи 18 декабрь куни бўлиб ўтган президент раислигидаги ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида билдирилганди.