Президент Шавкат Мирзиёев 12 январь куни тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қарорни имзолади (ҳужжат нусхаси таҳририятда мавжуд).

Ҳужжатда қайд этилишича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг туризм инфратузилмаси ва маданий мерос объектларида эркин ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда туризмда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ушбу соҳадаги энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

  • туристик индустрия объектлари, маданият ташкилотлари ва маданий мерос объектлари, шу жумладан музей, театр ва жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • туризм соҳасидаги субъектларни, шу жумладан, туроператор ва турагентлар, жойлаштириш воситалари эгалари ҳамда транспорт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, саёҳат давомида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи фуқароларни рағбатлантириш;
  • ногиронлиги бўлган шахслар тўсиқсиз саёҳат қилишлари учун республикада яратилган имкониятларни кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг хабардорлигини ошириш;
  • замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризм индустрияси объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш.

2024 йилдан бошлаб маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун маданий мерос объектларида уларга шикаст етказмаган ҳолда пандус, плантус ва лифтлар ҳамда кўзи ожизлар учун объектларнинг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади. Улар тўғрисида Брайль алифбосида маълумотлар жойлаштирилади.

Темир йўл ва жамоат транспортларида ҳамда барча аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун шароитлар, махсус кўтарилиш пандуслари ва қулай зина тутқичлари ўрнатилади ҳамда кема аравачалари (ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус аравача) қўйилади.

2027 йил 1 январга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагилар қоплаб берилади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 1000 нафар шахсга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисми;
  • эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизи.

Меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлар 2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелгача Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилган туристик (меҳмонхона) йиғимлари суммасидан чорак якунлари бўйича субсидия олади.

Бундан ташқари, меҳмонхонанинг камида 3 та хонасини ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозласа, шунингдек, эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатса, уларга ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун қуйидаги миқдорларда субсидия берилади:

  • юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарга — 2 млн сўм;
  • юлдузли тоифа олмаган меҳмонхоналарга — 1 млн сўм.

Туризм қўмитасига Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда 1 апрелга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда тўсиқсиз туризмни ривожлантириш стандартларини ишлаб чиқиш топширилди.

Шу билан бирга, юлдуз тоифали меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахслар учун аравачалар ва қўлтиқтаёқчаларнинг бўлишини, меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, мотеллар, санаторийлар ва бошқа туристик объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча қулайликларни яратиш вазифаси қўйилди.