Nuz.uz («Новости Узбекистана») интернет нашри журналисти Михаил Довлатовнинг ушланишига алоқадор шахсларга нисбатан уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизмат текшируви бошланди. Бу ҳақда чоршанба куни Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

БПнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, текширув маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига, шунингдек, бошқа шахсларга нисбатан ўтказилмоқда. Уларнинг умумий сони қанча эканига аниқлик киритилмади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сешанба куни вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан муносабат билдиришлари, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аниқ ўрганиш ҳамда тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича Бош прокуратурага сўров хати юборгани ҳақида хабар берди.

14 январь куни пойтахтнинг Учтепа туманидаги массивлардан бирида аҳоли билан учрашишни режалаштирган Михаил Довлатов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланганди. Мухбир у ерга одамлар тахминан 150 та гаражи ва автотураргоҳда ўсадиган 98 та дарахт ўрнига болалар боғчаси қуришмоқчи эканликларидан шикоят қилгани ортидан борган.

Журналист 5 соатга яқин қўйиб юборилмаган ва унга айтилишича, жамоат жойида чеккани учун жаримага тортилган. Буни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ўз расмий изоҳида тасдиқлади. Жарима хабари унинг телефонига келган SMS`да ҳам акс этган.

Nuz.uz таҳририяти «Ўзбекистоннинг бир қанча қонунлари» қўпол равишда бузилганини маълум қилди. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, ушлаб туриш тартиби ва қоидалари шулар жумласидандир.

Журналист, шунингдек, у билан учрашмоқчи бўлган аҳоли узоқ муддатга (бир сутка ёки ундан кўпроқ) ушлаб турилгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, ушлаш чоғида унга рухсат этилмаган митинг уюштиргани айтилган. Режалаштирилган учрашув жойида одамларни ички ишлар ходимлари ва автозак кутаётганди. Бу борада ҳали ҳеч ким расман изоҳ бермади.

ИИББ баёнотига қарамай, бир кун аввал Олий суд 183-модда (Майда безорилик) ва 194-модданинг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатилганини маълум қилди. 16 январь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди журналистнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишни тўхтатди.

Бош прокуратура мамлакатда оммавий ахборот воситалари фаолияти, шунингдек, журналистларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун билан ҳимояланганини эслатди.

Ходимлари бир қанча қонунларни бузгани айтилганидан уч кун ўтиб ҳам Ўзбекистон ИИВ сукут сақламоқда.