Ўзбекистондаги таниқли фаоллар, жумладан, блогерлар жума куни Тошкент марказида #tozahavokerak ҳештеги остида флешмоб уюштирди, бундан мақсад одамлар ва ҳукумат эътиборини экологик муаммоларнинг ёмонлашувига, хусусан, ҳаво сифатининг бузилишига қаратиш бўлди.

Акцияда экоблогер Мўтабар Хушвақтова (Ўрикгули), хонанда Konsta, стендапер Миршакар Файзуллоев, блогерлар Умид Гафуров (Troll.uz), Мирзаёр Эркинов, YouTube`даги подкастлар ҳаммуаллифи Сарвиноз Толибаева, YouTube`даги Texnoplov лойиҳаси муаллифи Садулла Абдуллаев, YouTube`даги Teacher Azam лойиҳаси муаллифи Азам Қаҳрамоний ва бошқалар иштирок этди.

«Газета.uz» акция иштирокчилари ўз чиқишлари орқали нимани кўзлагани билан қизиқди.

Рэпер Konsta ўзининг «Ҳаво» қўшиғидан иқтибос ишлатди.Рэпер Konsta ўзининг «Ҳаво» қўшиғидан иқтибос ишлатди.

Акция Ўзбекистондаги ҳаво билан боғлиқ экологик муаммоларга одамлар ва ҳукумат эътиборини қаратишга бағишланган, — дейди Мўтабар Хушвақтова.

«Муаммо бир марта кўтарилгани учун „бир марталик“ ечим қилиниб, охиригача тизимли ечим бўлмаслигидан жуда қўрқяпман. Акция бутун эътиборни шу муаммога қаратиш учун ўтказилган», — дея таъкидлади экофаол.

«Ҳукумат бир марталик эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган ва қатъий чоралар билан чиқишини кутяпман. „Муаммо ҳозир бор, буни ҳозир ечамиз“, деб ечим бермасдан, 10 йилдан кейин бундай натижага эришамиз, 20 йилдан кейин бундай натижага эга бўламиз, дейдиган узоқ муддатли ечим хоҳлаяпман», — деди у.

«Вазият яхши тарафга ўзгаради, деган умиддаман, чунки одамлар ҳам, фаоллар ҳам, ҳукумат ҳам бефарқ эмас. Ҳамма бирлашса, ҳамма бу муаммонинг муҳимлигини тушунса, албатта, яхши томонга ўзгаради», — деди Мўтабар Хушвақтова.

Умид Гафуров.Умид Гафуров.

Умид Гафуров ўз интервьюсида мақсад Ўзбекистон аҳолиси ва ҳукуматининг эътиборини «бугунги куннинг энг долзарб, энг муҳим, биринчи навбатда ҳал қилиниши керак бўлган муаммосига» қаратиш эканини таъкидлади.

«Анчадан бери Ўзбекистонда ҳаво ёмонлашяпти, сув муаммолари бор, экологик муаммолар тобора ўсиб бормоқда, ҳавонинг сифати [ёмонлашгани]ни кўз билан кўриб бўляпти», — деб таъкидлади блогер. «Агар ҳозир чора кўрилмаса, кейин кеч бўлади», — деб ишонади у.

«Мен бу ҳолатнинг тўлиқ, керак бўлса, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда тўлиқ таҳлил қилинишини кутяпман. Бир томонлама таҳлиллар масалани ҳал қилишда ёрдам бермайди. Шунинг учун тўлақонли, комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишларини хоҳлар эдим», — дейди Умид Гафуров.

«Мен вазият яхши томонга ўзгаришини кутяпман, менимча, ҳамма буни кутмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Мирзаёр Эркинов.Мирзаёр Эркинов.

Мирзаёр Эркинов ўзининг Telegram каналида флешмоб иштирокчилари имкон қадар кўпроқ Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдаги экологик вазиятга бефарқ бўлмасликлари ва уни яхшилаш учун курашда иштирок этишларини рағбатлантиришни исташларини ёзди.

«Ҳар бир ўзбекистонлик ўзи учунмас, атрофидагилар учун ҳам масъуллиги даражасини ошириши керак», — деди у.

«Ундан кутаётган мақсадимиз — ҳукуматнинг масъул бўғинлари экология масаласини кун тартибида ушлаб туриши, қатъий-қатъий чоралар кўриши, дарахтлар кесилишига шунчаки жарима билан жавоб бермаслиги, қурилишларни камайтириши ва табиатни асрашда жиддийроқ қонунлар қабул қилиши», — дея таъкидлади фаол.

Сарвиноз Толибаева.Сарвиноз Толибаева.

Саъдулла Абдуллаев.Саъдулла Абдуллаев.

Миршакар Файзуллоев.Миршакар Файзуллоев.

Азам Қаҳрамоний.Азам Қаҳрамоний.

Эслатиб ўтамиз, журналистлар, фаоллар кўп йиллардан буён дарахтлар кесилиши билан боғлиқ муаммолар, кўкаламзорлаштиришни кенг ривожлантириш, ҳаво сифатининг ёмонлашуви ва бошқалар ҳақида ёзмоқда, лекин мутасадди ташкилотлар томонидан бу борада кескин чоралар кўрилганича йўқ. Расмийлар яқинда, хусусий ва давлат оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва депутатлар ҳаво сифати ёмонлиги ҳақида фаол чиқишлар қилганидан сўнг, мулоқот учун сигнал бера бошлашди.

Куни кеча Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги баёнот бериб, унда Тошкент ҳавосини ифлослантирувчи асосий омилларни санаб ўтди ва вазиятни яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни таклиф қилди. Жамоатчилик буни яхши қарши олди, аммо фаоллар, юқорида таъкидланганидек, ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар қисқа муддатли самарага эришишга қаратилган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.