17 январь куни Қаҳрамон Қўчқорович Қуронбоев Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси этиб сайланди, деб хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.

Шу муносабат билан у Президенти администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Қаҳрамон Қуронбоев 1970 йилда туғилган. Тошкент давлат университети (1992), президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини (2004) тамомлаган. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари (1997−2008), Миллий университетнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори (2012−2013), Вазирлар Маҳкамасида бўлим мудири (2015−2016), шунингдек, президентнинг жамоатчилик ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари (2017) лавозимларида фаолият кўрсатган. 2017 йилнинг 30 июнидан Ёшлар иттифоқига раҳбарлик қилган.

ЎзАга кўра, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасига раисига ўринбосарлар ҳам сайланди. Жовдатхон Султанович Иноғомов биринчи ўринбосар бўлди. Бунга қадар у Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳри филиали раҳбари лавозимида ишлаган.

Абдулло Убайдуллоевич Аслонов эса раис ўринбосари этиб сайланди. У бундан аввал Либерал-демократик партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ёшлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, «Ёшлар қаноти» жамоатчилик кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган.

Маҳаллалар уюшмаси ҳақида

«Газета.uz» Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимларига эга, 9300 дан ортиқ маҳаллани бирлаштирган Маҳаллалар уюшмаси ташкил этилиши ҳақида хабар берганди.

Президентнинг 21 декабрдаги қарори билан уюшма штати, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими (5 киши) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 штат бирлигини қисқартириш ҳисобига ташкил этилаётгани белгиланган.

Уюшманинг яна 320 та штат бирлиги «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бўлинмалари штатлари қисқартирилиши ҳисобига ташкил этилган.

Янги уюшманинг асосий вазифалари қуйидагилар:

  • маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги «кўприк» вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш;
  • маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш;
  • ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш;
  • фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлашга, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилишга чақириш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
  • «маҳалла еттилиги» томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашиш;
  • маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтириш;
  • маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш;
  • маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
  • маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш.