Шавкат Мирзиёев 16 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шароф Рашидов, Пастдарғом, Ангор туманлари, Андижон ва Термиз шаҳарларидаги 123 нафар ҳоким ёрдамчисининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишлари қониқарсиз бўлгани сабаб уларни тўлиқ янгилашга топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Ўтган йили 16 та туман ва шаҳарда доимий иш ўринларини яратиш режаси 70 фоизга ҳам бажарилмаган. Президент бандлик идоралари иш сўраб келган одамларга осонгина нафақа тайинлашга ўтиб олганини танқид қилди.

Шунингдек, президент республикадаги 319 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари аҳолини бизнесга жалб қилиш, бандликни ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича натижа кўрсата олмаганини қайд этди. Жумладан, Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов, Пастдарғом, Ангор туманлари, Андижон ва Термиз шаҳарларидаги 123 нафар ҳоким ёрдамчисининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишлари қониқарсиз эканини айтган. Давлат раҳбари шундан келиб чиқиб, бу ҳоким ёрдамчиларини тўлиқ янгилаш ва тажрибали ҳоким ёрдамчиларини бириктириш вазифасини топширди.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.