Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Шамсиддин Шарафидинович Сохибназаров қўшимча равишда бош прокурор ўринбосари лавозимига тайинланди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Шамсиддин Сохибназаров 2023 йил октябрь ойидан буён Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келади. Унгача эса департаментнинг Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, президент раислигида 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда яширин иқтисодиётга қарши курашни янги босқичга кўтариш бўйича режалар эълон қилинди. Шу мақсадда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилади. Ташкилотнинг тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, департаментга энг замонавий ахборот тизимлари ва махсус воситалар олиб берилади, ушбу органда ишлаш учун иқтисодий соҳалар ва хорижий тилларни мукаммал биладиган мутахассислар танлаб олинади.