15 январь куни соат 14:56 да Тошкент шаҳри Сергели туманида метронинг «Қипчоқ» ва «Турон» бекатлари яқинидаги бир нечта дўконларда ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ёнғин туманнинг Қанора кўчасида жойлашган енгил конструкциядан қурилган дўконларда келиб чиққан. Воқеа жойига 4 та ёнғин қутқарув экипажи соат 15:01 да етиб борган. Соат 15:05 да ёнғин тўлиқ ўраб олинган ва соат 15:12 да батамом ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва вафот этган фуқаролар йўқ. Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарар миқдори ўрганилмоқда, дейилади хабарда.

«Тошкент метрополитени» матбуот хизмати ушбу ёнғин метро тизимига ҳеч қандай таъсир кўрсатгани йўқлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, душанбага ўтар кечаси Юнусобод туманида жойлашган кафе ёниб кетганди. Вафот этганлар ва жабрланганлар бўлмаган. Икки кун аввал Миробод туманидаги кафелардан бирида ҳам ёнғин содир бўлиб, 3 киши жароҳатланганди.