Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Аввалроқ Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни қабул қилгани, ҳужжатдан ушбу соҳага тегишли бўлмасада Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» сурат ва видеоларини интернетга жойлаганлик учун жазолаш тўғрисидаги банд ҳам ўрин олгани хабар қилинганди.

Муҳокама қилинаётган қонун билан юқоридаги ҳаракат базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида (17 млн сўм) жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Мажлисда мазкур норма аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгани қайд этилиб, бу борада ИИВ академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университетнинг кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари ҳамда қонун ташаббускорлари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг раҳбар ходимларининг фикрлари тингланган.

Маълумотларга кўра, 2022 ва 2023 йилларда ўз хизмат вазифасини бажараётган йўл патруль хизмати ходимлари 253 марта фуқаролар томонидан фото va видеотасвирларга олиниб, Интернет тармоқларига тарқатилган. Мазкур видеотасвирларнинг барчаси Ички ишлар вазирлигининг масъул бошқармалари томонидан ўрганиб чиқилган. Ўрганилган видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга видео жойлаштирган.

«Видеотасвирларни олаётган ҳайдовчиларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун йўл патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилганлиги, қоидабузарлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш жараёнини қаршилик кўрсатиб тасвирга олганлиги, шундан сўнг нотўғри изоҳлар берилиб, ижтимоий тармоқларга тарқатилаётганлиги маълум бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу йўналишдаги хорижий тажриба ўрганилганда қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқланганини, муайян чоралар белгиланганини кўриш мумкинлиги таъкидланган.

Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган.

Мазкур нормага кўра хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва Интернетга жойлаштириш тақиқланган.

Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади.

«Кўриниб турибдики, кўплаб давлатлар қонунчилигида ички ишлар ходимларининг хизмат вазифасини амалга ошириш чоғидаги фаолиятини суратга ёки тасвирга олиш ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиш тақиқланган ва бунинг учун тегишли чоралар кўрилиши мустаҳкамланган. Миллий қонунчилигимизда эса ички ишлар ходимларини тасвирга олиш тақиқланмаяпти, фақат олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш тақиқланмоқда ва жавобгарлик белгиланмоқда», — дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Қўмита қонун бўйича мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда яна муҳокамалар ўтказишни режалаштираётганини қайд этган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурханов ИИО ходимларининг фото ва видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» интернетда эълон қилганлик учун жазолаш ҳақидаги норма ошкоралик сиёсатига зид, деб ҳисоблашини таъкидлаганди. «Юксалиш» ҳаракати эса Сенатдан жамоатчилик эътирозларини инобатга олишни сўраганди.

Депутат Дониёр Ғаниев эса мазкур норма ҳақида фикр билдирар экан, ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини таъкидлаганди.

«Эртага улар мана шу нормани суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш учун бошқа мақсадларда фойдаланишлари ва уларга қўпол муносабатда бўлишлари мумкин. Бу ходимларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга олиб келиши мумкин деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, бу акс натижа беради. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, хусусан, ички ишлар ходимлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчи, дўсти ва ҳимоячиси бўлган институтга айланишини истаймиз», — деганди у.

Парламент аъзосининг сўзларига кўра, агар шундай меъёр қабул қилинса, «фуқароларнинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган ҳурматини қўрқув, ишончини шубҳа, севгиси ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади».

Мазкур нормага «Газета.uz»нинг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш якунлари бўйича материали эълон қилинганидан сўнг, Телеграм каналларида жамоатчиликнинг муносабати ҳам пайдо бўлди.

«Бу жуда ёмон фикр. Биринчидан, у ҳокимиятни танқид қилгани учун чексиз муддатга манипуляция қилиниши ва қамоққа олиниши мумкин. Аммо биз юзлаб ҳолатларни эслашимиз мумкинки, ходимлар ҳақиқатда қонунни бузган ва фотосуратлар ва видеоларни нашр этиш ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг ягона имконияти эди», — деб ёзди журналист Никита Макаренко.

Блогер Davletovuz ушбу тузатишни «очиқликка бир тарсаки» деб таърифлади.

Bakiroo канали муаллифининг таъкидлашича, қонун лойиҳаси ҳеч қандай жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган ва бу борада жамоатчилик фикри олинмаган. «Обрўсизлантириш ва ҳақорат учун қонунчиликда жазо бор. Нормал ҳуқуқий давлатда бу қоидалар барча учун амал қилади. Агар полиция ё ички ишлар ходимлари учун учун алоҳида қоидаларни белгилаш бошланса, куч, маъмурий ресурслар ва маблағлар нотенг тақсимлангани, айниқса мустақил суднинг йўқлиги шароитида фуқароларни репрессив аппаратга „гаровга топшириб“ қўйган бўламиз», — деди у.