Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 28 ноябрь куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжатда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» фото ва видеоларни интернетда эълон қилганлик учун жазолаш тўғрисидаги банд ҳам ўрин олган.

Жамоатчилик ушбу норманинг киритилиши мамлакатда эълон қилинган очиқлик сиёсатига зид эканини ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳам бу жамоатчилик эътирозларини асосли деб билади.

Ташкилот қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш, айниқса, демократиянинг асосий белгилари бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид сиёсатга жиддий таъсир кўрсатувчи янги қоидани киритиш маълум бир асосларга эга бўлиш кераклигини таъкидлади.

«Демак, бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини интернет тармоғида асоссиз обрўсизлантириш ва ҳақоратлаш ҳолатлари жуда кўпайиб кетдими? Агар кўпайган бўлса аниқ рақамлар қанча? Сабаби нимада ва бу каби ҳолатлар тизимнинг соғлом ишлаши учун нечоғлик жиддий таъсир кўрсатмоқда? Албатта, бу саволларга жавоб берилиши лозим», — дейилади хабарда.

Юксалишнинг таъкидлашича, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар учун, аллақачон, қонунчиликда таъсир чоралари белгиланган. Яъни, шахсни ҳақорат қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор, бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникасия тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Шундай экан, ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига қаратилган алоҳида норма нима учун керак? Бугун давлат бошқарувида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари марказий ўринга қўйилмоқда. Мазкур ғоя янгиланган Конституциянинг бош мезони сифатида „инсон-жамият-давлат“ тамойили кўринишида акс этган. Бунинг тескари бўлиши мумкин эмас», — дейди ташкилот.

Ҳаракатга кўра, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Франция, Беларус каби мамлакатларнинг ушбу нормани жорий этиш тажрибаси ўрганилган.

«Аммо, ушбу мамлакатларда бу каби нормалар айнан қандай ҳолатлар учун қўлланилиши, улардаги ижтимоий-сиёсий муаммоларнинг характерини чуқур таҳлил қилиш тақозо этилади. Санаб ўтилган ва бошқа ривожланган демократик мамлакатларда ҳақиқатан бу каби чекловлар бор, аммо ушбу мамлакатларда ҳар бир фуқаронинг низоли ҳолатларда полиция ходимининг боди-камерасидаги ёзувларни олиш ҳуқуқи кафолатланган», — дейилади баёнотда.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги» тўғрисидаги қонунга кўра, ошкоралик ва шаффофлик ҳамда давлат идоралари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилган.

«Юксалиш»нинг таъкидлашича, янги норма билан киритилаётган янги жавобгарликнинг белгиланиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизмати билан боғлиқ фаолиятини тасвирга олиш мумкин эмас деган қоидани келтириб чиқармаслиги лозим. «Аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ножўя ҳаракатлари акс этган тасвирлар Интернетда тарқалган ҳолларда, раҳбарлар ўз эътиборини тизимни такомиллаштириб боришга қаратиши керак. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятининг халқчиллиги ва профессионаллигини оширишга хизмат қилади.», — дейилади ташкилот хабарида.

Ҳаракат Сенат қонунни кўриб чиқаётганда мазкур банд бўйича жамоатчилик томонидан билдирилаётган савол ва эътирозларга жиддий эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурханов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида ушбу нормага салбий муносабатда эканини ва унга қарши эканини айтди.

«Албатта шахсни обрўсизлантириш мақсадида видео тасвирга олишнинг ўзи қонунчиликка зид. Нафақат ички ишлар ходимларини, балки оддий фуқароларни ҳам обрўсизлантириш мақсадида тасвирга олиб тарқатиш ноқонуний ҳаракат сифатида баҳоланиши керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада аниқ тартиблар белгиланмагани учун кўплаб тушунмовчиликлар ва саволларни келтириб чиқариши мумкин.

«Яъни, тасаввур қилинг, ички ишлар ходими чой ичиб ўтирибди. Шуни кўрсатиб чиқариб юборса ходим „бизни обрўсизлантирган“, деган важни айтиши мумкин ва шуни айбдор қилиб юборишлари мумкин. Тушуняпсизми? Аниқлаштирилмаганлиги учун. Айнан бу нормада таклиф этилаётган ўзгаришга биз агентлик вакили сифатида салбий қараймиз ва очиқлик сиёсатига зид, деб ҳисоблаймиз», — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари.

Бурхановнинг таъкидлашича, ҳозир ҳам ИИО ходимларини видеога олиб, обрўсизлантирган тақдирда ҳам қонун бўйича жавобгарлик бор. «Бунда суистемолчилик ҳам бўлиши мумкин. Чунки жавобгарликка тортиш ҳуқуқ тартибот идоралари, ички ишлар идораларнинг вазифаси ҳисобланади. Буни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман», — деди у.