Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деди президент Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари ходимларига касб байрами (8 январь) билан йўллаган табригида.

«Қонун ҳукмрон бўлган жамиятда албатта адолат, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва юксалиш бўлади, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади, — деди у.

Президент сўнгги йилларда прокуратура соҳасини тубдан ислоҳ этиш, очиқлик ва адолатга асосланган, фуқаролар ва жамият манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш, ўз назарий ва амалий мактабига, фидойи ва профессионал ходимлар корпусига эга бўлган тизимни шакллантириш бўйича ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Прокуратура тизими ҳам, одамларимизнинг унга нисбатан муносабати ҳам ўзгармоқда. Бугунги кунда эл-юртимиз прокуратура тимсолида „жазоловчи идорани“ эмас, балки аҳоли ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашадиган, уларнинг дардига шерик, мададкор бўлишга ҳаракат қиладиган халқпарвар тузилмани кўрмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган етти йилда прокуратура органлари томонидан 2 миллионга яқин мурожаат ижобий ҳал этилиб, 300 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 148 мингга яқин тадбиркорнинг муаммоларига ечим топилгани ҳам тасдиқлайди, деди у.

Мазкур даврда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтган даврда 53 мингдан зиёд ҳуқуқбузарлик ва жиноятга чек қўйилди, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 4,7 триллион сўм зарар ундирилди, 15 мингдан ортиқ шахснинг фаолиятига қонуний тус берилиб, уларнинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши таъминланди.

«Қонун — устувор, жиноятга жазо муқаррар» деган эзгу тамойил асосида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳал қилувчи босқичга кирмоқда, дея таъкидлади президент.

Қачон одамларимиз ҳаётида хотиржамлик, рўзғорида фаровонлик ва ҳаловат бўлади, қачон уларда эртанги кунга ишонч ортади? Қачонки, юртимизда қонунлар қоғозда эмас, балки амалда қатъий бажарилган, ислоҳотлар ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллага кириб, юртдошларимиз уларнинг амалий самарасини ўз кундалик ҳаётида ҳис этган тақдирда бу мақсадга тўла эришиш мумкин, — деди давлат раҳбари.

«Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликка қарши курашишга қаратилган дастурларимиз ижросини изчил ташкил этиш, атроф-муҳит, табиий бойликлар ва маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраш, тиббиёт, таълим каби соҳалардаги ислоҳотларимизни давом эттириш ва бу борада қонун бузилишига муросасиз бўлиш — прокуратура ходимларининг конституциявий бурчи ва энг асосий вазифасидир», — дея қўшимча қилди у.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, «коррупцияга қарши курашиш жараёни умумхалқ ҳаракатига айланаётган бугунги кунда прокуратура ходимларига алоҳида жонбозлик кўрсатиб, ўз ташаббуслари билан барчага намуна бўлишларига» ишонч билдирди.