GlobalPetrolPrices портали маълумотларига кўра, Ўзбекистон 168 давлат орасида бензиннинг арзонлиги бўйича дунёда 51-ўринда турибди.

1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Аи-95 бензинининг ўртача нархи 1,118 долларни (13 838 сўм) ташкил этади, бу дунёдаги ўртача нарх — 1,3 доллардан (16 028 сўм) паст. Шу билан бирга, портал маълумотларига кўра, ушбу маркадаги бир литр ёнилғининг ўртача чакана нархи 2022 йил бошидан буён 17,7 фоизга ошган.

аи-95 бензини, бензин

Бу Марказий Осиё давлатлари ва МДҲнинг кўплаб давлатлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун, Туркманистонда Аи-95 бензинининг бир литри 0,43 доллар ёки 5297 сўм (арзонлиги бўйича дунёда 8-ўрин), Қозоғистонда 0,53 доллар ёки 6605 сўм (11-ўрин), Озарбайжонда 0,59 доллар ёки 7278 сўм (15-ўрин), Россияда 0,62 доллар ёки 7632 сўм (16-ўрин), Қирғизистонда 0,8 доллар ёки 9917 сўмни (25-ўрин) ташкил этади. Тожикистондаги нархлар ҳақида маълумотлар келтирилмаган.

Афғонистонда ёнилғи 1,059 доллар ёки 13104 сўм (48-ўрин), АҚШда 0,91 доллар ёки 11267 сўм (33-ўрин) туради. Грузияда Аи-95 нархи сал қимматроқ — 1,24 доллар (15 408 сўм), Украинада эса 1,4 доллар (17 442 сўм).

Шундай қилиб, Ўзбекистонда Аи-95 бензини нархи Туркманистондаги ўртача нархдан 2,6 баробар, Қозоғистондагидан 2,1 баробар, Озарбайжондагидан 1,9 баробар, Қирғизистондагидан 39,7 фоизга қиммат.

Дунёдаги энг арзон бензин Эронда (0,029 доллар, 354 сўм) экани қайд этилган, энг қиммати эса Гонконгда (3,1 доллар ёки 38 371 сўм).

Портал маълумотларига кўра, дунёнинг аксарият мамлакатлари нефть ва нефть маҳсулотларини тахминан бир хил — жаҳон нархида олиш имкониятига эга. Шу сабабли мамлакатлар ўртасидаги нархларнинг асосий фарқлари иккита омилга боғлиқ: якуний маҳсулотни ташиш харажатлари ва солиқлар. Бироқ аксарият мамлакатларда дистрибуция харажатлари нархнинг нисбатан кичик қисмини ташкил қилади. Шунинг сабабли асосий фарқ солиққа тортиш ва айниқса акциз солиғи даража ҳисобланади. Бу ҳар бир сотилган литр ёки галлон ёнилғи учун давлат йиғимлари ҳисобланади. Масалан, АҚШ ва Европа ўртасидаги нархлар фарқи кўп жиҳатдан бу солиқларнинг фарқи орқали тушунтирилади.

Қоида ўлароқ, бой мамлакатларда нархлар юқори бўлса, камбағал мамлакатлар ва нефть ишлаб чиқарувчи ҳамда экспорт қилувчи мамлакатларда нархлар сезиларли даражада паст бўлади. Ягона истисно АҚШ ҳисобланади, мамлакат иқтисодий жиҳатдан ривожланган экани қаторида у ерда бензин нархи паст ҳам ҳисобланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда Аи-80 бензини учун «ноль» даражадаги акциз солиғи ставкаси муддатини узайтирмасликка қарор қилинганди, шу сабабли ёнилғи нархлари яна, жумладан, юқори октанли бензин маркалари учун ҳам қимматлаган.

Бундан ташқари, ҳукумат Аи-80 бензинининг максимал нархини белгилашни ва бензиннинг бу маркасида 2026 йилгача босқичма-босқич воз кечишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Аи-80 бензинига акциз солиғи вақтинча бекор қилингани сабабли давлат бюджетига 100 млн доллар камроқ солиқлар тушди, бироқ Ўзбекистон аҳолиси бу имтиёздан деярли наф кўрмади. Энергетика вазирлиги бундай асосий фойдани тадбиркорлар олганини тасдиқлади.