Парвоз вақтида Boeing 737 MAX 9 самолётидаги фавқулодда эшикнинг бир қисми ажралиб тушганидан кейин АҚШ, Европа ва Туркияда шу турдаги самолёт русумидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилди.

6 январь куни Alaska Airlines авиакомпаниясининг Портленддан Онтариога (Калифорния) учаётган Boeing 737 MAX 9 йўловчи самолёти эшигининг шикастланиши сабабли зудлик билан аэропортга қайтишга мажбур бўлди. Самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, ён томондаги қопламанинг бир қисми йиртилиб кетди ва салондаги ҳаво босими пасая бошлади. Бортда 171 йўловчи ва олти экипаж аъзоси бўлган. Бир неча йўловчи жароҳатланган. Самолётдан атиги саккиз ҳафта фойдаланилганди.

АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) хавфсизлик масалаларини текшириш мақсадида мамлакатдаги шу русумдаги 171 та самолётдан фойдаланмай туришни буюрди, деб ёзди CBS. Уларнинг ҳар бирини текшириш учун тўрт соатдан саккиз соатгача вақт кетади.

Boeing FAA қарорини қўллаб-қувватлади ва регуляторлар билан ҳамкорлик қилишини билдирди. «Хавфсизлик бизнинг устувор вазифамиздир ва биз ушбу воқеа мижозларимиз ҳамда уларнинг йўловчиларига зарар етказганидан чуқур афсусдамиз», — дейилади компания баёнотида.

Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) FAA кўрсатмасини қабул қилди, бироқ ҳозирда Европа авиакомпаниялари ушбу русумдаги самолётлардан фойдаланмаётганини таъкидлади, деб хабар беради Reuters. Буюк Британия фуқаро авиацияси бошқармаси (CAA) Boeing 737 MAX 9 самолётларидан фойдаланадиган барча авиакомпаниялардан мамлакат ҳаво ҳудудига киришда FAA кўрсатмаларига риоя қилишни талаб қилишини айтди, деб ёзди BBC.

Бундан ташқари, Turkish Airlines ҳам MAX 9`дан фойдаланиш тўхтатилганини маълум қилди. Компания ушбу самолётларни қўшимча текширувдан ўтказиш ниятида. «Ҳодисани техник кўриб чиқиш жараёни тугаб, расмийлар томонидан талаб қилинган чоралар кўрилгунга қадар Turkish Airlines ўзига тегишли бешта Boeing 737 MAX 9 самолётидан фойдаланмасликка қарор қилди», — деди авиакомпания вице-президенти Яхья Устюн.

  • Boeing 737 MAX 9`даги илк парвоз 2017 йилнинг май ойида амалга оширилган.
  • 2018 йил октябрь ойида Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига тегишли 737 МАХ самолёти ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай денгизга қулаб тушиши оқибатида 189 киши ҳалок бўлган.
  • 2019 йилнинг март ойида Ethiopian Airlines самолёти қулаб, 157 киши ҳалок бўлганди. Шундан сўнг дунё бўйлаб 737 МАХ рейслари тўхтатилди.
  • 2020 йилда FАА яна парвозларга рухсат берган. Boeing АҚШ Адлия вазирлиги билан келишув доирасида самолётининг икки марта ҳалокатга учрагани бўйича 2,5 миллиард доллар тўлашга рози бўлган.