5 январь куни Let L-410 ҳаво кемасида махсус ишчи гуруҳ Тошкент-Термиз-Сариосиё-Тошкент йўналишида илк синов парвози амалга оширди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ишчи гуруҳ таркиибида вазирлик, Фуқаро авиацияси агентлиги, Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компанияларининг тегишли мутахассис ва экспертлари бўлган.

ICAO халқаро нормаларига мувофиқ, Сариосиё аэродромидан фуқаро авиацияси парвозларида фойдаланиш талаблари, мавжуд инфратузилма, Сариосиё аэродромининг ATR-72 ҳаво кемаларини қабул қилиш имкониятлари ўрганилган.

Шунингдек, фуқаро авиацияси халқаро нормаларига мувофиқ йўловчи терминалини барпо этиш ва зарурий инфратузилмани яратиш бўйича вазифалар белгиланган, дейилади хабарда.

Тегишли ишлар якунланганидан сўнг ATR-72 ва Let L-410 ҳамда ундан кичик турдаги ҳаво кемалари орқали авиақатновлар йўлга қўйила бошланади.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида президент 2023 йил якунига қадар Сариосиё аэропортида фуқаро авиацияси фаолиятини тиклаш, 2024 йилдан Сариосиёдан Самарқанд ва Тошкентга мунтазам рейсларни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берганди.