Энергетика вазирлиги қувват чегарасига етганда электрни автоматик равишда ўчириш ишлари бўйича жараённи такомиллаштирмоқда. Бу ҳақда вазирлик «Газета.uz»га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 ноябрдан электр энергиясига ҳисоблагич орқали 10−15 кВ қувват доирасида чеклов жорий этилганди. Чегарадан ошиб кетганда «ақлли» ҳисоблагичлар автоматик равишда тармоқдан узади.

Совуқ ҳаво бошланиши ва ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши билан Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари аҳолиси ҳисоблагич орқали электр энергиясидан узилишга дуч келди. Пойтахтда -20 даражагача бўлган кескин совуқ ва истеъмолнинг энг юқори чўққисига чиқиш вақтида 28 минг истеъмолчи тармоқдан узилган.

Энергетика вазирлигининг таъкидлашича, ўша куни Тошкент электр тармоғида 3 та авария содир бўлган, бироқ аҳолининг норозилиги фонида лимит олиб ташланганидан сўнг эртасига авариялар сони 18 тага етган. Вазирлик электр узатиш линиялари ва нимстанциялар белгиланган қувватдан ортиқ юкларга бардош бера олмаслигини маълум қилди.

Шу билан бирга, вазирлик қайта ишга тушириш билан боғлиқ ҳисоблагичлар дастурида техник хатоларга йўл қўйган. «Дастурий таъминот устида ҳозирда иш олиб борилмоқда», — деб таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Вазирлик матбуот котиби Хасан Тошхўжаев 15 кВт соат электр энергияси сарфлаш учун бир вақтнинг ўзида бир соат давомида 6 та музлаткич, ўртача 1,5 кВт қувватли 3 та кондиционер ва 3 та электр печи ёниқ туриши кераклигини қайд этган.

Унга кўра, 3 та телевизор ҳамда 20 та лампочканинг истеъмол ҳажми, нари борса, 1,5−2 кВт соат бўлиши мумкин.

«Шундай экан, 98 фоиз аҳолининг хавотир олишига мутлақо ўрин йўқ», — деганди Тошхўжаев.