Ўзбекистонда 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан (ҳамда жойлашган ҳудудидан) келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10−15 кВ қувват доирасида чеклов киритилади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати хабар қилди.

Тушунтирилишича, бундай чора эскирган ва ортиқча юклама билан ишлаётган электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари жойлашган маълум бир ҳудудларда истеъмолчиларни узоқ вақт электр таъминотидан узилиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида зарурат юзасидан қўлланилади. Яъни, бу йил қиш ва ёз ойларида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити каби вазиятлардагина маълум бир вақт оралиғида электр тармоқларига ортиқча юкламалар тушишини олдини олиш учун амалга оширилади.

Аввалроқ 1 ноябрдан маиший истеъмолчиларга 1000 кВтдан кўп электр энергия истеъмоли учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробаргача ўсувчи коэффициент қўлланилини хабар қилинганди.

Унга кўра, амалдаги тариф 295 сўмлигича қолмоқда, фақат кўпроқ электр сарфлаган аҳоли кўпроқ тўлов қилиши белгилаб берилмоқда.

Янги тартибга кўра, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган III гуруҳ истеъмолчилари, яъни маиший истеъмолчиларга:

  • 1 001 дан 5 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар (амалдаги тариф 295 сўм, икки баравари 590 сўм);
  • 5 001 дан 10 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар (885 сўм);
  • 10 000 кВт соатдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар (1180 сўм) ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Ушбу тариф гуруҳи бўйича аҳоли томонидан турмуш эҳтиёжлари учун уй-жойларда, хонадонларда, ётоқхоналарда, ёрдамчи хўжаликларда, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида, шу жумладан боғ ширкатлари ва дала ҳовлилар суғориш насослари, шахсий автомашиналар учун гаражларда сарфланадиган электр энергияси ҳақи ток қабул қилгичларнинг қуввати ҳамда ҳисобга олиш асбобларининг ўрнатилган жойидан қатъий назар, тўланади.