Совуқ ҳавонинг бошланиши ва ҳароратнинг кескин пасайиши билан Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари аҳолиси электр энергиясидан автоматик тарзда узилишга дуч келди. Аксарият узилишлар уч фазали ҳисоблагичлар ўрнатилган абонентлар орасида содир бўлди.

1055 марказий диспетчерлик хизмати буни электр энергияси истеъмолининг чегараси 10 кВт/соат этиб жорий этилгани билан изоҳлади ва истеъмолчилардан юқори қувватли қурилмаларни қўшимча ёқмасликни сўради.

«Потребитель.уз» Telegram канали 5 кВтга етганда ҳам узилишлар содир бўлаётгани ҳақида хабар берди. Бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида аҳоли вилоят электр таъминоти корхоналарига борган, тартибни таъминлаш учун ички ишлар ходимлари ва Миллий гвардия ходимлари жалб этилган.

Чекловлар қачондан жорий қилинди?

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига (ҳужжатнинг 63−4-банди) кўра, 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб истеъмолчиларга эҳтиёжлари учун зарур бўлган қурилмаларнинг минимал қувватидан (ҳамда жойлашган ҳудудидан) келиб чиқиб, ҳисоблагич орқали 10−15 кВ қувват доирасида чеклов киритилган. Автоматик тарзда ўчириш электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) томонидан амалга оширилади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» октябрь ойида бундай чора эскирган ва ортиқча юклама билан ишлаётган электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари жойлашган маълум бир ҳудудларда истеъмолчиларнинг узоқ вақт электр таъминотидан узилиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида зарурат юзасидан қўлланишини таъкидлаганди.

13 декабрь куни «Газета.uz»нинг сўровига жавобан «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати «10−15 киловатт қувват доирасида ҳисоблагич орқали чеклов киритиш» амалиёти жорий этилганини тасдиқлади.

«Бунда қиш мавсумида электр тармоқлари трансформатор пунктларида юзага келиши мумкин бўлган катта аварияларнинг олдини олиш, қолаверса, кабелларга тушаётган босимни камайтириш мақсад қилинган. Қувватдан кўпроқ фойдаланган истеъмолчилар тармоқдан автоматик тарзда узилди. Бунинг натижасида ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳрида 20 га яқин трансформатор пунктлари кабелларидаги авариявий ҳолатларнинг олди олинди. Истеъмолчилар 2−3 кунлаб чироқсиз ўтиргани йўқ», — дейилади компания хабарида.

Автоматик ўчириш амалиёти бекор қилинди — Энергетика вазирлиги

Орадан бироз вақт ўтиб, Энергетика вазирлиги матбуот котиби Хасан Тошхўжаев электр ускуналаридан ортиқча фойдаланганда автоматик тарзда узиб қўйиш амалиёти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда ижтимоий тармоқларда соатига 4,5 киловатт соатдан ортиқча электр энергияси ишлатган хонадон электр таъминотидан узилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

10−15 кВт қувват доирасидаги чекловлар электр энергиясидан фойдаланиш бўйича юқоридаги қоидалар асосида жорий этилган. Энергетика вазирлиги вакилининг таъкидлашича, бундай амалиёт истеъмол юқори бўлган жойларда қўлланади.

«Истеъмолчи ортиқча ускуналарни ўчириб, кучланишни белгиланган меъёрдан камайтирса, ҳисоблагич узоғи билан 15 дақиқа ичида автоматик равишда ёнади. Бироқ ҳаво совуқ бўлган кунларда истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бу норма вақтинча бекор қилинди. Яъни хонадон эгаси электр энергиясидан белгиланган меъёрдан ортиқча фойдаланганда, ҳисоблагич автоматик тарзда узиб қўймайди», — дея ишонтирди Хасан Тошхўжаев.

Шу билан бирга, вазирлик вакили истеъмолчилардан ортиқча электр ускуналаридан имкон қадар фойдаланмасликларини, электр энергиясини тежашларини ва беҳуда ёниб ётган қувватларни ўчириб қўйишларини сўради.

Унинг айтишича, агар хонадонда электр токи ортиқча юклама билан ўчган бўлса, юклама камайтирилгандан сўнг электр таъминоти 10−15 дақиқа орасида автоматик равишда тикланади.

Соатига 10−15 кВт кўпми?

Хасан Тошхўжаев 15 кВт соат электр энергияси сарфлаш учун бир вақтнинг ўзида бир соат давомида 6 та музлаткич, ўртача 1,5 кВт қувватли 3 та кондиционер ва 3 та электр печи ёниқ туриши кераклигини қайд этди. 3 та телевизор ҳамда 20 та лампочканинг истеъмол ҳажми, нари борса, 1,5−2 кВт соат бўлиши мумкин.

«Шундай экан, 98 фоиз аҳолининг хавотир олишига мутлақо ўрин йўқ», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарларининг қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисоботлари тақдим этганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.