10 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди собиқ хотинини пичоқлаб ўлдирган 27 ёшли йигитга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Nemolchi.uz зўравонликка қарши лойиҳаси хабар берди.

Аввалроқ 6 май куни соат 12:00 да Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро Наманган давлат педагогика институти биноси олдида оилавий келишмовчилик сабабли ўзининг собиқ турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, унга пичоқ ургани ҳақида хабар берилганди. Оқибатда аёл тан жароҳати олиб, вафот этган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, эркак 26 ёшда, унинг аёли 23 ёшда бўлган. Эркак собиқ хотинини пичоқлагандан сўнг ўзига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, жонига суиқасд қилган. Шу вақтда воқеа жойида бўлган фуқаролар томонидан эркак шифохонага ҳушсиз ҳолатда олиб борилган.

Аниқланишича, ушбу жиноятни содир қилган шахс турмуш ўртоғи билан 2022 йилнинг январь ойидан буён ўзаро оилавий жанжал сабабли ажрашиб, бирга яшамасдан келган.

Шундан сўнг у турмуш ўртоғини ўзи билан бирга яшашга мажбур қилиб, рашк қилиб, бир неча маротаба жанжаллашган.

Суд эркакни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г» ва «л» бандларида (ўта шафқатсизликбилан безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 17 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.