«Газета.uz» Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларига транспорт ҳаракати ташкил этилмаслиги ҳақида пайшанба куни хабар эълон қилди. Президентнинг 29 декабрдаги фармони билан ушбу банд 2022−2026 йилларда янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясидан чиқариб ташланганди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ушбу хабарга жавобан «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчилари учун бепул автобусларни йўлга қўйиш назарда тутилганини билдирди.

2024 йилда, стратегияни 2023 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига кўра, бепул автобуслар билан таъминланган мактаблар сони 100 та бўлиши керак.

Стратегияда мактабгача таълим муассасаларини автобуслар билан таъминлаш ҳақида сўз юритилмаган.

Ҳужжат ислоҳотлар узвийлигини таъминлаш, шуниндек, аввал белгиланган мақсадларни таъминлашни назарда тутади.

«Газета.uz» ноаниқлик учун узр сўрайди.

Ўтган йилнинг ёзида Шавкат Мирзиёев президентликка номзод сифатида Нукусда сайловчилар билан учрашувда Қорақалпоғистон чекка қишлоқлардан болаларни ташиш учун мактаб автобуслари жорий қилинадиган биринчи ҳудуд бўлишини айтганди.

2021 йилда ЮНИСЕФ ва ИИВ ЙҲХББ мактаблар яқинидаги йўллар хавфсизлиги бўйича сўров ўтказган. Аксарият респондентларнинг (Тошкентда — 60 фоиз) мактабга олиб борувчи йўлларни хавфсиз эмас деб ҳисоблаши маълум бўлган. Ўқувчиларнинг катта қисми мактабга пиёда боради.

Нормал жамоат транспорти йўлга қўйилмагани ва ўз автобуслари ва микроавтобуслари йўқлиги сабабли ҳудудлардаги мактаб ва боғчаларга болаларни ташишда кўпинча Damas ва енгил автомашиналардан фойдаланилади. Баъзи ҳайдовчилар уларга 20 дан ортиқ болани сиғдира олган.