2024 йил 1 апрелдан таркибида шакар ёки ширинлаштирувчилар бўлган газланган ичимликларга, шунингдек, энергетик ичимликларга акциз солиғи жорий этилади. Буни назарда тутувчи ўзгартиришлар қонун ҳужжатларига Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан 28 декабр куни президент томонидан имзоланган қонун билан киритилди.

Ҳужжатга кўра:

  • таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган ҳамда истеъмол қадоғига қадоқланган газланган ичимликларга (энергетик ва тоник ичимликлар бундан мустасно) литрига 500 сўм миқдорида акциз солиғи белгиланади;
  • ️энергетик ва тоник ичимликлар литри учун эса 2000 сўм.

Ушбу норма «Газета.uz» ноябр ойида ўрганган қонун лойиҳасида ҳам мавжуд эди. Қайд этилишича, бу тўловни ортиқча истеъмол қилиш натижасида касалликлар, жумладан, қандли диабет каби касалликларнинг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда жорий этиш таклиф этилган. Бундай солиқ 50 дан ортиқ мамлакатларда (Франция, Венгрия, Буюк Британия ва бошқаларда) мавжуд. Акциз солиғидан тушган маблағлар Тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Контекст

Таклиф этилаётган нормани муҳокама қилиш мақсадида 20 декабр куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида вазир ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ва Элмира Боситхонова бошчилигидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ҳамда ичимлик ишлаб чиқарувчилар ўртасида учрашув ўтказилди. Ўша куни бўлиб ўтган муҳокамаларни Spot батафсил ёритди.

Учрашувда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари энергетик ичимликлар дастлаб спортчилар учун мўлжалланганини таъкидлаган. Ҳозирги кунда энергетик ичимликлар ёшлар ва ёш болалар, хусусан 25 ёшгача бўлган ва онгли қарор қабул қила олмайдиган одамлар орасида реклама қилинмоқда. Айтилишича, оқибатда бу ёшларнинг бундай ичимликларга ўрганиб қолишига олиб келиб, уларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда.

«Энг муҳими, энергетик ичимликлар истеъмолининг зарарли таъсирининг олдини олиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ортиқча истеъмолни ва ичимликни олиш имкониятини камайтириш учун [шакарли алкоголсиз ичимликларга] акциз солиғини қўллашни тавсия қилади», — деган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими.

Алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раҳбари Алфия Мусинанинг Ўзбекистонда энергетик ва газланган ичимликларнинг салбий таъсири бўйича олиб борилган тадқиқотлар ҳақидаги саволига вазирлик ходими Соғлиқни сақлаш вазирлигида мамлакатдаги муаммони ўрганиб чиқишга етарлича вақт бўлмаганини қайд этиб, ЖССТ томонидан йиғилган халқаро тажриба мавжудлигини, бунга қўшимча исбот шарт эмаслигини таъкидлаган.

Соғлиқни сақлаш ва стратегик ривожланиш институти директори Нодира Алихонованинг айтишича, акциз солиғининг жорий этилиши аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмирлар ўртасида овқатланишни мувозанатлаштиришнинг бир йўли холос.

«Тадқиқот ўтказиш, айниқса, кўплаб респондентларни қамраб олган эпидемиологик тадқиқотлар жуда қиммат бўлиб, бир томондан, ҳар бир мамлакат ҳам бунга қодир эмас. Бошқа томондан, нима учун мазкур тадқиқотларни такрорлашимиз кераклиги умуман тушунарсиз. Дунёда бундай тадқиқотлар шунчалик кўпки, менимча, бу нарса аллақачон ҳақиқат сифатида ёзиб бўлинган», — деган у.

Бизнес вакиллари қандли диабет ва семиришга қарши курашишда фақат газланган ичимликларга акциз солиғи жорий этилиб, таркибида шакар мавжуд бўлган бошқа маҳсулотлар эътибордан четда қолдирилаётгани туфайли юз бераётган дискриминацияга қарши чиқди. Улар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга комплекс ва тизимли ёндашиш зарурлигини таъкидлади, чунки акциз солиғини жорий этиш ЖССТ томонидан тавсия этилган 20 та чора-тадбирдан бири ҳисобланади.

Газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ривожланган мамлакатларда чеклов чоралари жорий этилишидан олдин қатор тадқиқотлар олиб борилиб, саноат вакиллари билан учрашувларда муаммо муҳокама қилинишини таъкидлаган. Масалан, бизнес вакиллари акциз солиғи жорий этилиши ҳақида Олий Мажлисда 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганидагина хабар топди. Қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинмади.

Тадқиқотларнинг қимматлиги туфайли хусусий сектор Euromonitor компаниясининг Ўзбекистонда қадоқланган маҳсулотларни истеъмол қилиш бўйича тадқиқоти натижаларини сотиб олгани ва тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Бироқ, Элмира Боситхонова мутахассислар ишлаб чиқарувчилар хоҳлаган гапларни айтишини таъкидлаб, таклифни рад этган.

Coca-Cola маҳаллий компаниясининг молиявий директори Сайед Адил Жафрининг сўзларига кўра, компания инвестицияларни 3−4 йил олдиндан режалаштиради. Хусусан, ҳозир Самарқанд ва Намангандаги заводлар қурилишига сармоя киритилмоқда. Қўшимча солиқларнинг жорий этилиши харажатларга таъсир қилиб, нархларни оширишга тўғри келади, бу эса сотув ҳажмини камайтиради ва умуман бизнесга салбий таъсир қилади.

«Бундай вазиятда … биз балки Самарқанд ва Наманганга сармоя киритмаслигимиз керакдир? Биз кейинги уч йилда деярли 200 млн доллар сармоя киритамиз, сўнгги уч йилда эса 150 млн доллар сармоя киритганмиз. Бундай вазиятда тадбиркор сифатида режаларимизни қайта кўриб чиқишга мажбурмиз», — деган у.

Сайед Адил Жафри битта соҳани дискриминация қилмасликка, балки бу чорани шакар истеъмолининг барча манбаларига татбиқ этишга чақирган.

Боситхонова вазирлик позициясини 108 та давлатда жорий этилган акциз солиғи ва газланган ичимликларнинг телевизордаги агрессив рекламаси бўйича ЖССТ тавсияси билан изоҳлаган. Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бир мутахассисидан ташқари барча вакиллари вазир билан учрашув сабаб, йиғилишни тарк этди, деб ёзади Spot.

PepsiCo Bottler in Uzbekistan`нинг инновациялар бўйича директори Музаффар Солижоновнинг айтишича, PepsiCo ва Coca-Cola`нинг 2026 йилгача бўлган сармоялари миқдори камида 150 млн долларни, беш йиллик муддатда эса 250 млн долларни ташкил этади.

«Биз ҳозир иккита завод қурилишига [инвестицияларни] тўхтатиб қўйдик, шу сабабдан, бунинг [газланган ичимликларга акциз солиғи жорий этилишининг] иқтисодий томонини кўриб чиқишимиз керак. Бюджетга қанча зарар етказилади? Буларнинг барчасини ҳисоблашимиз керак. Энг муҳими, ишлаб чиқаришни камайтирсак, ишсизлик муаммоси юзага келади. Биз одамларнинг саломатлигини яхшилаш ҳақида ўйлаймиз, лекин уларни ишсиз қолдирамиз», — дея қайд этган Солижонов.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ишлаб чиқарувчиларни шакар миқдори кам бўлган ичимликлар ишлаб чиқаришга рағбатлантириш учун шакар миқдорига қараб табақалаштирилган акциз солиғи жорий этилиши зарурлигини тан олган. У газли ичимликлар учун акциз солиғига дифференсиал ёндашувни жорий этиш масаласини кўриб чиқишга ва таклифни бизнес билан муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган, бироқ солиқ маҳсулотдаги шакар миқдоридан қаъий назар қўлланилишда давом этишини ёқлаган.

Таъкидлаб ўтиш керакки, мажлис бўлиб ўтган вақтгача, аниқроғи 15 декабрда газли ичимликларга акциз солиғи жорий этиш бўйича ўзгартиришлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинганди, Сенат эса мазкур ҳужжатни бевосита мажлис куни — 20 декабрда маъқуллаганди.