Наманган вилояти Чортоқ туманига Саттаров Илҳомжон Раҳимжанович ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Илҳомжон Саттаров 1985 йилда Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йилда Наманган муҳандислик педагогика институти, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: менежмент, давлат бошқаруви.

2008−2014 йилларда Наманган вилояти молия бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 2014−2016 йилларда Чортоқ тумани молия бўлими мудири. 2016−2017 йилларда Наманган вилояти молия бошқармаси даромадларни прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи.

2017−2023 йилларда Уйчи тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Наманган вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Наманган вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият юритган.

Тайинловга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Билим ва инновациялар маркази директори ўринбосари — республика тижоратлаштириш ва маслаҳат хизматлари мажмуаси раҳбари вазифасида ишлаб келаётганди.

Мазкур тайинлов Наманган вилояти ҳокимининг 2023 йил 29 декабрдаги қарори билан амалга оширилди.

Чортоқ тумани аввалги ҳокими Анваржон Отаходжаев Наманган шаҳрига ҳоким этиб тайинланганди.