28 декабрда блогер Олимжон Ҳайдаровнинг ҳимоячиси томонидан жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти кўриб чиқилиб, Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди.

1 декабрь куни суд Ҳайдаровни туҳмат, ҳақорат ва товламачиликда айбдор деб топиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилганди. У Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 3-қисми «а» банди (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) ва 165-моддаси 2-қисми «б» бандида (кўп миқдорда товламачилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги блогерга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилган.