Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва 6 та туманида авария ҳолати юзага келгани сабаб газ ўчирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар қилди.

Вилоят навбатчилик штабига келиб тушган хабарга кўра 28 декабрь куни Бандихон туманининг «Полвонтош» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «Музработ-Душанбе» магистраль газ қувурининг 101−190 км оралиғидаги Д-700 мм бўлган магистраль газ қувурида авария ҳолати юзага келган.

Ҳозирда «Ҳудудгаз Сурхондарё» газ таъминоти филиали томонидан авария ҳолатини бартараф этиш ва табиий газ таъминотини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Шу муносабат билан бугун соат 6:30 дан вилоятнинг қуйидаги шаҳар ва туманларидаги истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилди:

  • Термиз шаҳри;
  • Бандихон тумани;
  • Қизириқ тумани;
  • Музработ тумани;
  • Термиз тумани;
  • Жарқўрғон тумани;
  • Қумқўрғон тумани.

Таъмирлаш ишлари тугатилгандан сўнг табиий газ таъминоти қайта тикланиши қайд этилган.

«Газ таъминоти филиали юзага келаётган ноқулайликлар учун барча табиий газ истеъмолчиларидан узр сўрайди ҳамда яқин вақтлар ичида таъминотни тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилаётганлигини маълум қилади», — дейилади хабарда.