Россиянинг «Яндекс» компанияси yandex.kz маҳаллий доменининг серверларини Қозоғистон ҳудудига ўтказиш ишларини якунлади. Бу ҳақда Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Жорий йилнинг август ойидан буён Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги билан келишилган режа асосида иш олиб борилди. Энди yandex.kz мамлакат ичида жойлашган серверларда ишлайди», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг хабар беришича, бунинг учун «Яндекс» жамоаси Қозоғистонга ускуналар олиб келиб, тизимни ишга туширган. Маълумотларни юклаш тести муваффақиятли ўтганидан сўнг yandex.kz портали тўлиқ маҳаллий серверларга ўтказилган.

9 август куни Қозоғистон ҳукумати yandex.kz доменининг фаолиятини тўхтатганди. Бунга Россияининг мамлакат махсус хизматлари 2023 йил 1 сентябрдан такси буюртмалари хизмати маълумотлар базаларига кириш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақидаги қонуни сабаб бўлган. Ўшанда Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги республика қонунчилигига кўра, интернет-ресурслар аппарат-дастурий таъминот тизимларини республика ҳудудидан ташқарига жойлаштирмаслиги лозимлигини маълум қилганди.

Август ойи охирида «Яндекс» компания вакиллари ва Қозоғистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ишчи учрашув ўтказиб, серверларни мамлакатга кўчиришга келишиб олгани ҳақида хабар берганди.