Россиянинг «Яндекс» компанияси yandex.kz доменига хизмат кўрсатувчи серверларни Қозоғистонга ўтказади. Бу ҳақда Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигига таяниб, Nur.kz хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, бир неча кун олдин вазирлик раҳбарияти «Яндекс» вакиллари билан учрашиб, Қозоғистон фуқароларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни масаласини муҳокама қилган ва мамлакатда серверларни жойлаштириш режасини ишлаб чиқишга келишиб олган.

«Ҳамкорлик ва миллий рақамли ресурсларни мустаҳкамлаш истаги доирасида „Яндекс“ yandex.kz доменига хизмат кўрсатувчи серверларни мамлакатга ўтказиш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади — бу „Яндекс Go“ хизмати учун аллақачон қилинган», — дейилади Nur.kz келтириб ўтган вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни yandex.kz доменининг фаолияти «интернет-ресурсни Қозоғистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги аппарат-дастурий таъминот тизимларига жойлаштиргани учун» тўхтатилган эди. Рақамли ривожланиш вазирлиги бу билан Россия компанияси мамлакат қонунларини бузаётганини таъкидлаб ўтди.

Бунга жавобан «Яндекс» Қозоғистон қонунчилигига риоя қилишга тайёрлигини маълум қилиб, Рақамли трансформациялар вазирлигидан доменни мамлакатга ўтказиш муддатларини узайтиришни сўради. Компания маълумотларига кўра, Қозоғистонда унинг хизматларидан ҳар ой 10 миллионга яқин киши фойдаланади.

Yandex.kz сайтининг ёпилиши Медуза томонидан «Яндекс Go» такси хизматидан олинган барча маълумотлар Россия маълумотлар марказларида сақлангани ҳақидаги суриштируви эълон қилинганидан сўнг содир бўлди. 1 сентябрдан бошлаб, РФнинг янги қонунига кўра, ФСБ уларга кириш ҳуқуқини олиши керак. «Яндекс.Такси» Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари хизматга сўров орқали фойдаланувчиларнинг Россиядан ташқаридаги сафарлари ҳақидаги маълумотларни олиш имконига эга эмаслигини маълум қилди.