Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларга эга экани келтириб ўтилган постни эълон қилди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Отабек Йулдашев ўзининг Telegram каналида Ўзбекистон Конституциясининг 153-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга», — дейилганига асосланиб ёзди.

«Газета.uz»нинг бундай баёнот нима билан боғлиқ экани тўғрисидаги саволига Отабек Йулдашев Мудофаа вазирлигининг медиа маркази шу тарзда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигига тайёргарлик кўраётгани, келгусида Қуролли Кучлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида яна бир қанча постлар чиқарилиши режалаштирилаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2017 йилда Мудофаа доктринасини янгилаганди. Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Мудофаа доктринаси мудофаа характерига эга.

«Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради», — дейилади доктринада.

Ҳужжатда глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг бутун тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилган.

Бу омиллар ҳарбий куч ишлатишни талаб қилиши мумкин, дейилади Мудофаа доктринаси. «Бундай шароитда давлатнинг мудофаа салоҳияти ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидларни жиловлаш, нейтраллаштириш ва тугатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб қолади», — дейилади ҳужжатда.

Вазирликнинг бу хабари рус сиёсатчиси Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёнотидан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчисини вазирликка таклиф этгани фонида эълон қилинди.

21 декабрь куни Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилган. Учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия — за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган.

Россия ОАВда кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, икки халқ ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ёзди ТИВ.

Россиянинг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»ини билдирган.