Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёнотидан сўнг муносабат билдирди.

«Россия ва Ўзбекистонни ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб туради. Ва бу шунчаки ёқимли ибора эмас. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифининг таъсирчан якунлари, икки давлат раҳбарларининг кенг кўламли йиғилишида ҳукм сурган илиқ муҳит бунинг яққол далилидир», — дея бошланади баёнот.

ТИВ вакилининг таъкидлашича, Россия 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларга тўлиқ содиқ. Ўзаро мажбуриятларга кўра, ҳамкорлик суверенитетни ҳурмат қилиш, аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қурилган. Икки давлат вакилларининг МДҲ, ШҲТ ва БМТдаги фаолияти тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш руҳи билан суғорилган.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри ҳисобланади ва Россия Федерациясининг расмий позициясидан анча узоқда, деди Захарова.

Воқеалар ривожи

20 декабрь куни россиялик сиёсатчи Захар Прилепин СССРга тегишли бўлган барча ҳудудларни тиклаш таклифи билан чиқди. У мисол сифатида Ўзбекистонни қўшиб олиб, у ерда рус тилини ўргатиш кераклигини айтди. Ўзбек жамоатчилиги таклифни мустақилликка тажовуз сифатида баҳолаб, ТИВ расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади.

Бир муддат ўтиб, Ўзбекистон ТИВ россиялик сиёсатчининг республикани Россияга қўшиб олиш ҳақидаги сўзлари ортидан Россия элчисини вазирликка таклиф қилди.

Учрашувда Россия вакилига юқоридаги таклиф мамлакатда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди. Россия ОАВда кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, икки халқ ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилди.

Бу воқеалар фонида Мудофаа вазирлиги Конституциянинг 153-моддасидан иқтибос келтириб, Ўзбекистон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли Қуролли Кучларга эга эканини эслатди.