АҚШ ҳукумати мамлакатга ноқонуний кириб келган 119 нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанига қайтарди. Бу ҳақда Тошкент халқаро аэропортига етиб келган ўзбекистонликларни кутиб олган UzReport телеканали хабар берди. Видео Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Telegram каналида эълон қилинди.

Келганлардан бирининг сўзларига кўра, у дўсти билан савдо дўконида юк ташувчи бўлиб ишлаш ва ойига 10−12 минг доллар пул топиш учун кетган. Бироқ икки−уч йилда топган пулини уч ойда сарфлаб келган.

«3 сентябрь куни қамоқхонага киргандик, 110 кун ушлаб туриб, мана шу бугун келдик. Ўзи бўлмади, у ерда нон емас экан, бизлар эса нонни яхши кўрамиз, нон беришмади. Улар овқатни, ҳамма нарсани қовуриб эмас, қайнатиб еркан. Шу қийинчиликларни кўриб келдик», — деди фуқаролардан бири.

У Мексикага қадар 30 кун йўл босиб ўтган. Америкага ўтказиб қўйиш учун ундан 5 минг доллар сўрашган.

«Маблағимнинг озроғи қарз, қолгани ўзимдан эди. Шуларнинг ўрнини тўлдирамиз, деб ишлашга боргандик. Никарагуа ва Мексикадан ўтказиб, Америкага киргизиб қўйиш 5 минг доллар экан. Қийинчиликлар бўлди: милиция тўхтатди. Қайтараман, депорт қиламан деганда ёнимиздан харажат қилдик. 1,5−2 минг доллар бердик. Айтганимдек, Америка қамоқхонасига кимдир бордими, уни ўзбекчасига айтганда қоровулларга, «охранник»ларга топширади. Улар эса мен қоровулман, ҳеч нарсани билмайман, мени вазифам сени хавфсизлигингни таъминлаш, [қолганини] IC (Америка Қўшма Штатлари Разведка жамияти — таҳр.) ходимлари ҳал қилади, дейди. Бир ҳафтада бир марта телефонда гаплашишга 10 минут вақт беради» — деди эркак.

Яна бир ўзбекистонлик тўрт ой давомида Америка қамоқхонасида сақланган. У АҚШда ошпазлик қилмоқчи бўлган.

«18 минг [доллар]га қуйдим. Тўрт ой Американинг турмасида ётдим. Қийинчиликлар йўқ, лекин фарзандларингиз билан гаплаша олмайсиз, уларни кўролмайсиз. Ярим йил йўлда юрдим», — деди у.

Бошқа бир фуқаро у ерда иш топиш қийин эканини, ҳатто, 3−4 ойлаб ишсиз қолиб кетаётган аёллар борлигини айтган. Унинг маълум қилишича, Америкада, асосан, Марказий Осиё фуқаролари учун рейдлар бошланган.

«Ҳужжати йўқлар, ҳужжат қилмасдан ишлаётган аёллар, ичган ҳолда машина ҳайдаётганларни ушлаяпти. Эшитганим, кетганларни икки, уч ойлаб қамоқда ушлаб ўтиради. Кейин Америкага киргизмасдан, депортация қилиб юборишяпти», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан 2023 йилгача АҚШ ҳукумати томонидан «алоҳида қизиқиш уйғотувчи шахслар» сифатида таснифланган ўн минглаб муҳожирлар Мексика орқали АҚШга ноқонуний киришга ҳаракат қилишган. Қўлга олинганларнинг 13 мингдан ортиғи Ўзбекистон фуқароларидир.