Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда 2024 йилда темирйўл ва авиаташув ҳажмини 20 фоизга ошириш бўйича топшириқ берди.

Маълум қилинишича, мамлакатда транспорт хизматларининг ярми автотранспортга тўғри келади. 2023 йилда 1500 га яқин автобус олиб келинган бўлса-да, ўсиш 5,5 фоиздан ошмаган.

Президент Транспорт вазирлигига яна камида 1200 та автобус сотиб олиб, йўналишларга чиқариш, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновларини 2 баробарга ошириш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда авиахизматлар бозорида ҳам рақобат пайдо бўлгани, 6 та хусусий компания иш бошлагани қайд этилди. Йил бошидан буён 25 та янги самолёт олиб келинди, 17 та йўналиш очилди.

Шунга қарамасдан, соҳадаги хизматлар ҳажми 7,7 фоиз ўсган. Транспорт вазирлигига келаси йилда авиаташувлар ҳажмини 20 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун Тошкент шаҳрини вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан рейс қўйилиши, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилиши кутилмоқда. Ўзбекистонга камида 7 та самолёт олиб келиниб, яна 3 та халқаро йўналиш очиш режалаштирилган.

Темирйўл бўйича ҳам тарифлар қайта кўриб чиқилган, кераксиз имтиёзлар бекор қилинган. 6 та Hyundai Rotem тезюрар поезди ҳамда шаҳарлараро қатнайдиган 30 та Skoda электропоезди олиб келинмоқда. Бу соҳада келгуси йилда камида 20 фоиз ўсишни таъминлайди, деди президент.

Давлат раҳбари халқаро ташувларда маҳаллий транспорт-экспедитор корхоналар улуши камлигини муаммо сифатида қайд этди. Маҳаллий экспедиторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хизматидан фойдаланилганда, импорт товарларига божхона божи ҳисоблашда транспорт харажатини чегириш, халқаро ташишларда маҳаллий экспедиторлар хизматига қўшилган қиймат солиғидан имтиёз бериш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.